Таълим муассасалари фаолияти ва ўқувчилар ютуқлари ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Novda” хусусий мактаби ҳамда “Star-21” ўқув маркази фаолияти билан танишди.
2023 йилда фаолият бошлаган “Novda” хусусий мактабида бугунги кунда 500 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Қисқа вақт ичида мазкур таълим муассасаси ўқувчилари халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этиб келмоқда.
Жумладан, 4 нафар ўқувчи Дубай шаҳрида ўтказилган “Copernicos” олимпиадасида, 9 нафар ўқувчи АҚШнинг Майами штатида бўлиб ўтган “USA” олимпиадасида, 6 нафар ўқувчи эса Буюк Британияда ташкил этилган “TeenEagle” олимпиадасида фаол иштирок этиб, муносиб натижаларга эришди.
Шунингдек, 5 нафар ўқувчи Республика фан олимпиадасининг шаҳар босқичида ғолиб бўлиб, вилоят босқичида ҳам совринли ўринларни қўлга киритди. Жорий йил 26 апрель куни ўтказилган “STEAM SPIRES” халқаро математика олимпиадаси Республика саралаш босқичида 2 нафар ўқувчи 2- ва 3-ўринни эгаллаб, Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган финал босқичига йўлланма олди.
Вилоят ҳокими таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Шунингдек, хусусий мактаб инфратузилмасини янада ривожлантириш, жумладан, мини-стадион қуриш масалалари ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Ҳозирда 52 нафар битирувчидан 33 нафари асосий фанлар бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга. 4 нафар битирувчи эса имтиҳонлардан аввал максимал 189 баллни қўлга киритиб, муддатидан олдин олий таълим муассасаси талабасига айланган.
[gallery-29162]
Вилоят раҳбари, шунингдек, “Star-21” ўқув марказида яратилган шароитлар билан танишиб, эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этди.
Таъкидлаш жоиз, таълим соҳасида хусусий сектор улушининг ортиб бораётгани ёш истеъдодларни кашф этиш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА