Таълим — миллат тараққиёти учун пойдевор
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиш, таълим сифатини оширишга қаратилган муҳим вазифаларни ўртага ташлади.
Хусусан, ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани таъкидланди.
Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак, – деди Президентимиз.
Мактаб нафақат таълим ўчоғи, шу билан бирга тарбия масканидир. Унда келажак эгалари камолга етади.
Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат халқ муҳокамасига қўйилди. Барча ҳудудлар, жумладан, маҳаллий кенгашларда ва мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида кенг муҳокама қилинди. Макур жараёнда барча даражадаги партия ташкилотларимиз ва депутатлик гуруҳи аъзоларимиз ҳам фаол иштирок этди. Жойларда лойиҳа мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилди, мулоқот тадбирлари ўтказилди.
Лойиҳада белгиланган муҳим вазифалар партиямиз ғоя ва мақсадлари билан муштарак бўлиб, таълим тизими ривожида педагогларнинг обрў-эътиборини, мавқеини ошириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, улар учун қулай, ортиқча қоғозбозлик ва расмиятчиликдан ҳоли меҳнат шароитларини яратиш ишларига кўмаклаши мақсадида партиямиз аъзолари ва минглаб маҳаллий депутатларимиз тегишли ишларни олиб бормоқда.
Йиғилишда Парламент вакиллари ҳамда жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан таълим тизимидаги ўзгаришларни халқимизга етказиб, дахлдорлик ҳиссини ошириш, фармон қабул қилингач, ижросини назоратга олиш, ўз тажрибалари билан амалий ёрдам беришлари таъкидлаб ўтилди.
Албатта, таълим ва фан тараққиёти билан боғлиқ ушбу саъй-ҳаракатлар бутун давлатнинг вазифаси бўлгани сабабли уни умуммиллий ҳаракатга айлантириш масаласи кўтарилгани депутатлар олдига ҳам муҳим масалаларни қўйди.
Давлатимиз раҳбари аввало, мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Ушбу мамлакат умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири.
Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, янги Ўзбекистон пойдевори мактабдан бошланади. Мактабга оид ислоҳотлар бўлса ривожланиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, юртимизнинг келгуси тараққиёт йўлини белгилашда асосий пойдевор вазифасини ўтайди. Ушбу масалалар ўз -ўзидан илмга чанқоқ, ўзига ишонган баркамол авлодни шаклланишида, камолга етишида алоҳида аҳамиятга эга.
Юртбошимиз ҳар бир вилоят таълим бўйича ўз тажрибасини ишлаб чиқиши ва ўқитувчиларнинг тоифаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини қайд этди. “Менинг энг катта кучим – муаллимлар ва зиёлилардир”, деган эътирофлари ҳам юртбошимизнинг устоз ва мураббийларга бўлган юксак ишончини англатади.
Ўзгариш ва янгиланишлар даврида, узоқ манзилли ислоҳотлар йўлида ташланган илк қадам маърифатли халқимизга хос бўлган буюк аждодларга муносиблик каби улуғвор туйғуларнинг юксалишида, миллатга муносиб инсон сифатида улғайишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Мазкур жараёндa биз депутатлар бор салоҳият ва имкониятларимизни сафарбар этиб, масъулиятни чуқур англаб, ислоҳотлар оқимида муҳим тиргак бўлишимиз, ҳамжиҳатликда фаолият олиб боришимиз лозим.
Махсуд МУҲАММЕДОВ,
ЎзМТДП Бухоро вилояти кенгаши раиси