Таълим ишлаб чиқариш билан интеграциялашмоқда
Гулистон давлат университетида ўқув дастурлари ва ўқитиш методикаси ишлаб чиқариш билан интеграциялашган ҳолда амалга ошириляпти. Бу эса, таълим сифати яхшиланишишига, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
– Бугунги кунда олий таълим тизимида ўқув жараёнларини 4+2, яъни 4 кун назария ва 2 кун амалиёт кўринишида ташкил этиш муҳим ҳисобланади,– дейди Гулистон давлат университетининг озиқ-овқат технологиялари кафедраси мудири Акмал Убайдуллаев . – Шу сабабдан тайёрлаётган кадрларимизнинг касбий кўникмаларини янада ошириш мақсадида ўқув машғулотлари ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этилмоқда.

Куни кеча шу мақсадда университетнинг Ишлаб чиқариш технологиялари факультети ёғ-мой маҳсулотлари таълим йўналиши 3-4-босқич талабалари Оқолтин туманида жойлашган Сардоба ёғ-мой корхонасида, табиий толаларни дастлабки ишлаш таълим йўналиши 4-босқич талабалари эса Сардоба туманидаги "FE Indorama Agro LLC" корхонасида ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишиб, амалий кўникмаларга эга бўлишди.

Университетнинг Рақамли иқтисодиёт ва инновациялар факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари эса Сирдарё тумани саноат ҳудудида жойлашган илмий инновациялар жорий қилинган "Asaka Motors" қўшма корхонасига ташриф буюриб, инновацион технологиялар билан яқиндан танишди.

Ушбу корхонада фаолият олиб бораётган ишчи- хизматчилар орасида Гулистон давлат университетини битирганлар, айни вақтда таҳсил олаётган талабалар ҳам бор.

–Малакали мутахассис ҳамма жойда керак. Чунки, эндигина ишга кирган ходимнинг ҳаммаси ҳам ўз соҳаси устаси бўлмайди. Фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциялашуви таълим сифати яхшиланишига, иқтидорли кадрлар сонининг ортишига, кадрлар захирасини тўлдиришга ёрдам берибгина қолмай, талаба, бўлғуси ходимларни руҳлантиради, – дейди Акмал Убайдуллаев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири