Таълим, илм-фан ва инновациялар уйғунлиги — университет юксалишининг янги босқичи
Бугунги олий таълим муассасаси тараққиёти, аввало, унинг инсон капиталини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси, илмий изланишлари, замонавий таълим муҳити ва жамият ҳаётидаги ўрни билан белгиланади.
Университет — бу шунчаки билим берадиган маскан эмас, балки янги ғоялар туғиладиган, салоҳият кашф этиладиган, келажак касблари ва етук мутахассислар шаклланадиган муҳим маърифат майдонидир.
Қўқон давлат университетида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ана шу юксак мақсадлар билан чамбарчас боғлиқ. Таълим ва илм-фанни уйғун ривожлантириш, талабалар учун янги имкониятлар яратиш, профессор-ўқитувчиларнинг салоҳиятини ошириш ҳамда бошқарув жараёнларини замонавийлаштириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар университетнинг тараққиёт йўлида дадил одимлаётганини кўрсатмоқда.
Илм-фан — тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори
Университетнинг илмий салоҳияти унинг интеллектуал бойлиги, келажак ривожланишининг муҳим таянчидир. Қўқон давлат университетида илмий фаолиятни ривожлантириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва илмий натижадорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг ёрқин далилларидан бири диссертация ҳимоялари сонининг сезиларли ортишидир. 2024 йилда университетда 22 та диссертация ҳимояси амалга оширилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 66 тага етди. Яъни, бир йил ичида уч баравар ўсишга эришилди. Жумладан, 2025-йилда 8 та фан доктори (DSc) ва 58 та фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимоя қилинди.
Халқаро илмий базаларда чоп этилган мақолалар сонининг 96 тадан 110 тага кўтарилгани ҳам университет олимларининг илмий изланишлари кўлами кенгайиб бораётганидан далолат беради. Хўжалик шартномалари асосида амалга оширилган илмий ишлардан тушум 641 миллион сўмдан 660 миллион сўмга етгани эса илм-фан ва амалиёт ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Бугун университетда 5 та илмий-тадқиқот ва 4 та инновацион марказ, 3 та диссертация кенгаши, 4 та ўқув лабораторияси ҳамда Технопарк фаолият юритмоқда. Илмий жараёнларни рақамлаштириш мақсадида ИКРП ва “e-изланувчи” платформаларининг яратилиши тадқиқотчилар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Бу натижалар университетда илмий муҳит тобора фаоллашиб, изланиш ва янгиликка интилиш тараққиётнинг муҳим омилига айланаётганини намойиш этади.
Битирувчилар муваффақияти — таълим самарадорлигининг ифодаси
Университетнинг энг катта ютуқларидан бири — унинг битирувчилари ҳаётда ўз ўрнини топиши, эгаллаган билим ва кўникмаларини амалий фаолиятда намойиш эта олишидир. Шу боис Қўқон давлат университетида талабаларни касбга тайёрлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва меҳнат бозори билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан ҳисобланади.
2024/2025-ўқув йилида битирувчилар бандлиги 98,2 фоизни ташкил этган. 2025/2026-ўқув йили битирувчилари 2026 йил 30 октябрь ҳолатига кўра, 4 566 нафар битирувчидан 4 232 нафари иш билан таъминланган. Бу 92,7 фоизлик бандлик кўрсаткичидир.
Иш берувчилар билан олиб борилган ҳамкорлик ҳам муҳим натижаларни бермоқда. 424 нафар иш берувчи иштирок этган сўровномада респондентларнинг 96,1 фоизи университет битирувчиларининг компетенцияларини ижобий баҳолаган, 97,4 фоизи эса тайёрланган кадрлардан қониқиш билдирган.
Бу рақамлар университетда таълим мазмунини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, талабаларни касбий фаолиятга пухта тайёрлаш ва иш берувчилар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги ишларнинг муҳим натижасидир.
Амалиёт — билимни маҳоратга айлантирадиган имконият
Замонавий таълимнинг муҳим хусусияти назарий билим ва амалий кўникмаларнинг узвийлигидир. Талаба аудиторияда олган билимини реал иш жараёнида синаб кўриши, касбий тажриба орттириши ва ўз мутахассислиги бўйича мустаҳкам компетенцияга эга бўлиши зарур.
Қўқон давлат университетида малакавий амалиётларни самарали ташкил этиш мақсадида ҳамкорлик алоқалари изчил кенгайтирилмоқда. 2026/2027-ўқув йилида амалиётларни ташкил этиш учун 1 474 та таълим ташкилоти билан шартномалар янгиланган. Шунингдек, 4 117 нафар талабанинг амалиёти “4+2” шаклида ташкил этилиб, amaliyot.kokandsu.uz платформаси орқали мониторинг қилинмоқда.
“4+2” тизими талабаларга ҳафтанинг тўрт кунида университетда назарий билимларини мустаҳкамлаш, икки кунида эса корхона ва ташкилотларда амалий тажриба орттириш имконини беради. Бундай ёндашув ёшларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, иш жараёнига мослашувини енгиллаштириш ва келажакдаги фаолиятига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамкор ташкилотлар билан йўлга қўйилган алоқалар университет ва меҳнат бозори ўртасидаги узвийликни янада кучайтириб, талабалар учун янги тажриба ва имкониятлар майдонини яратмоқда.
Рақамли университет — замонавий таълим сари
Рақамли технологиялар бугунги таълимнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Улар нафақат жараёнларни тезлаштиради, балки таълим сифатини ошириш, бошқарувда аниқлик ва шаффофликни таъминлаш учун ҳам кенг имкониятлар яратади.
Қўқон давлат университетида таълим жараёнларини бошқариш ва маъмурий хизматларни такомиллаштириш мақсадида замонавий рақамли тизимлар жорий этилмоқда. CAMS тизими орқали 145 та академик йўналиш ва магистратура мутахассислиги, 441 та ўқув режа, 3 367 та фан дастури ҳамда 1 041 та индивидуал иш режасини бошқариш жараёнлари қамраб олинган.
Тизимнинг имкониятлари ўқув жараёнларини мувофиқлаштириш, фанларнинг мутахассиссизликка мослигини таҳлил қилиш ва электрон ҳужжат алмашинувини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. HEMIS ҳамда кутубхона тизимлари билан интеграция эса ягона ахборот муҳитини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Регистратор офиси орқали 70 дан ортиқ хизматнинг ягона тизимда ташкил этилгани талабалар учун маъмурий жараёнларни янада қулайлаштирмоқда. Бу замонавий университетнинг талабалар эҳтиёжларига йўналтирилган, очиқ ва самарали бошқарув моделини шакллантиришга қаратилган изчил ҳаракатидир.
Билимлар хазинаси — янги имкониятлар манбаи
Университетнинг илмий ва таълимий муҳитини бойитишда ахборот-ресурс маркази алоҳида ўрин тутади. Бугунги кутубхона замонавий технологиялар билан уйғунлашган, талабалар ва тадқиқотчилар учун кенг имкониятлар тақдим этадиган билимлар марказидир.
Қўқон давлат университети ахборот-ресурс марказида электрон хизматларни кенгайтириш, китоб бериш ва қайтариш жараёнларини рақамлаштириш, электрон кутубхона платформасини ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Тўртта тармоқ кутубхонасида электрон хизматларнинг йўлга қўйилиши фойдаланувчиларнинг зарур адабиётларни излаш ва улардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Электрон ресурслар, замонавий ўқув адабиётлари ва илмий манбалардан фойдаланиш имкониятларининг ортиши талабаларнинг мустақил таълим олиши, илмий изланиш олиб бориши ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Халқаро ҳамкорлик — дунё тажрибаси билан уйғунлик
Таълим ва илм-фан тараққиётида халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Хорижий олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш, академик мобилликни кенгайтириш ва илғор тажрибаларни ўрганиш университетнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қўқон давлат университетининг халқаро ҳамкорлик географияси йилдан-йилга кенгаймоқда. 2024-йилда ҳамкорлик алоқалари 10 та давлатни қамраб олган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 13 та давлатга етди. Профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг хорижий таълим муассасаларида малака ошириши, академик алмашинув дастурларида иштирок этиши ҳамда халқаро илмий тадбирларда қатнашиши учун имкониятлар яратилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА
Реклама ҳуқуқи асосида