Талабаларнинг “тоға”-ю “хола”си солиқдан озод қилинади
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, хорижий тилларни ўзлаштириш самарадорлигини юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Биргина мисол, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сонли қарори билан “Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида низом” тасдиқланган.
Мазкур низомга кўра, ОТМнинг фақат кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабларга ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилади. Бунинг ўзига яраша талаблари бор. Аввало, талаба ва хонадон эгаси ўртасида тузилган ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилади. Ушбу тартибнинг афзалликларини бир олийгоҳ мисолида таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

Ўрин кам, талабгор кўп
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида айни пайтда кундузги бўлим бакалавр таълим йўналишида 9 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Агар табақалаштирилган контракт асосида ўқиш истагидаги талабаларнинг ҳам бу сафга қўшилишини эътиборга олсак, умумий рақамлар ўзгариши шубҳасиз.
Шуни қайд этиш лозимки, ҳозирда институтда 4 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, у 612 нафар талабани қамраб олиши мумкин. Яқинда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган 350 ўринли талабалар турар жойини ҳисобга олганда ҳам кундузги бўлимда ўқийдиган ва ижарада яшаш истагини билдирган ҳамма талабани ҳам ётоқхона билан таъминлаш имкони йўқ. Маълумот ўрнида: янги ўқув йилида талабалар турар жойида яшашга бўлган эҳтиёж 200 дан ортиқ. Очиғи, бу барча олий таълим муассасаларининг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади.
Имтиёзнинг эгаси кимлар?
Хўш, кимларнинг ойлик ижара тўлови қисман қоплаб берилади? Демак, бунда ариза топширганлар орасида боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, васийлик ёки ҳомийлик белгиланган ва оилага тарбияга (патронат) олинганлар бу имкониятдан фойдаланади. Бундан ташқари, “Темир дафтар”га киритилган ёки онаси “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзандлари, “Меҳнат-миграция” дастурида рўйхатдан ўтган ҳамда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларнинг болалари, олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандларига ҳам ижара пули қисман қоплаб берилади.
–Тажрибадан келиб чиқиб шуни айтишим лозимки, кўпчилик талабалар бу имтиёзлар фақат кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлар учун экан деб ўйлайдилар ва бизга ҳужжат топширишга уяладилар, – дейди институт ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Азамат Хайриддинов. – Низом талабларида, олий таълим муассасасида ўрнак кўрсатганлиги ва фаол бўлган талабалар, деган жумлалар ҳам қайд этилган. Бу нимани англатади? Халқаро, республика, ҳудуд ва таълим муассасаси миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, кўрик танловлар ғолиблари ҳамда фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган, маънавий-маърифий ва спорт тадбирларида фаол қатнашган, жамоатчилик асосида тарғибот гуруҳларида волонтёрлик қилган талабалар ҳам ижара билан боғлиқ имтиёзлардан фойдалана олади.
Яна бир гап. Вазирлар Маҳкамасининг 605-сонли қарорига кўра, давлат олий таълим муассасалари томонидан ижара ҳуқуқи асосида яшаётган, бироқ ижара тўловлари ушбу қарорда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган талабалар тоифасига кирмайдаган бошқа талабаларнинг ойлик ижара тўлови бир қисмини ушбу олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби олий таълим муассасаси кенгаши томонидан мустақил белгиланади.
Хўш, ижара тўловларининг қанча қисми қоплаб берилади? Низомга кўра, ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг бир ва ярим бараваридан ошмаслиги лозим. Яъни Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 баравари – 300 минг сўм, қолган ҳудудларда БҲМнинг 0,5 баравари – 150 минг сўм этиб белгиланган.
Ҳеч бир талаба кўчада қолмайди
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги “Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан сўнг олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлим фаолияти йўлга қўйилди. Натижада бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш, талабаларнинг ижара билан боғлиқ муаммоларини изчил ўрганиш ва ҳал қилиш имкониятлари кенгайди.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳам мазкур бўлим ходимлари томонидан мунтазам равишда талабалар турар жойи ва ижарада яшаётган талабаларнинг шарт-шароитлари ўрганиб келинмоқда. Бу борада сўровномалар ўтказилмоқда.
Ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ўқув йили давомида, яъни ҳар йили 1 сентябрдан 1 июлгача этиб ёки ўқитиш дастури бўйича ўқув йилининг давомийлигига қараб белгиланган. Лекин имтиёз ҳамма учун эмас.
– Ижара компенсациясини олиш учун талаба ўзи доимий рўйхатдан ўтган яшаш жойидан ташқарида ижарада яшаётган бўлиши керак, – дейди ҚарМИИ талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлими бошлиғи Ойбек Дилов. – Буни иккита мисол билан тушунтирамиз. Биринчидан, Қарши шаҳрида доимий рўйхатда турадиган талабага ижара пули берилмайди. Иккинчидан, Қарши шаҳрига нафақат Қашқадарёнинг бошқа туманларидан, балки бошқа вилоятлардан келиб таҳсил олаётган талабалар ижара пулини олишга даъвогар бўлиши мумкин.
Биргина жорий йилнинг ўзида институтда январь ойида 359 нафар талабага 48 миллион 465 минг сўм, февралда 313 талабага 42 миллион 187 минг 500 сўм, март ойида 40 миллион, апрелда 41 миллион сўмдан ортиқ маблағ ижарада яшаётган талабаларга тўлаб берилди. Май ва июнь ойларида эса бу кўрсаткич жами 62 миллион сўмдан ошиқ маблағни ташкил этди.
Янги ўқув йили бошланганига бир ҳафта бўлган бўлса-да, талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимга 958 нафар талаба ижара масаласида мурожаат қилди. Шундан 683 нафари ижара хонадонларига жойлаштирилди. 468 нафар йигит-қизлар талабалар турар жойидан қўним топди. Бундан ташқари, бўш хонадонлар платформаси шакллантирилган бўлиб, яна 200 дан ошиқ талабани ижарага жойлаштириш имконияти мавжуд.
Талабага қайишганни давлат ҳам сийлайди
– Мен Жиззах вилоятиданман, – дейди иқтисодиёт факультети талабаси Чарос Нормаматова. – Икки йилдан буён Қарши шаҳридаги хонадонлардан бирида дугоналарим билан ижарада бирга яшаймиз. Давлатимиз томонидан ижара пулининг бир қисми тўлаб берилаётгани бизга, айниқса, ота-оналаримизга жуда катта ёрдам бўлмоқда.
Эътибор қилган бўлсангиз, ижарада яшаётган аксарият талабалар ижарачининг исмини билишмайди, шунчаки тоға, хола деб қўйишади. Буни қарангки, ижара тўлови билан боғлиқ имтиёзлардан нафақат талабалар, балки уларнинг ушбу “тоға” ва “хола”лари ҳам фойдаланишлари мумкин. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг солиқ солинмайдиган даромадлар ҳақидаги 378-моддаси 191-модда билан тўлдирилиб, солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари ҳам қайд этилган. Бу ҳам жуда муҳим қарор бўлди. Сабаби талабаларга қанчалик енгиллик берилмасин, ижарачилар солиқ тўлашдан қочиб, улар билан ижара шартномасини тузмай келишаётган эди.
Бир сўз билан айтганда, ижарада яшаётган талабаларнинг тўлов билан боғлиқ муаммоларининг давлат бюджетидан қисман баратараф этилаётгани, ўз навбатида, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтирибгина қолмасдан, билим олишга бўлган интилиши янада ортишига сабаб бўлади. Энг асосийси, талабанинг ўз устида ишлаши, билим ва кўникмаларини ошириш имконияти кенгаяди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.