Талабаларга ҳоким стипендияси берилади
Тошкент давлат аграр университетида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ўтказилди. Унда олий ўқув юртининг профессор-ўқитувчилари, Қибрай тумани секторлари раҳбарлари ҳамда туман маҳаллаларидаги жами 500 нафардан ортиқ талаба-ёш қатнашди.
Ҳозирги кунда Тошкент давлат аграр университети Қибрай туманидаги 10 та маҳалла ҳамда 10 та умумтаълим мактаби билан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, 4 та маҳалланинг ёшлар етакчилари билан университет Ёшлар иттифоқи етакчилари ҳамкорлигида ош чемпионати, маҳаллардаги хотин-қизлар билан ҳамкорликда “Ибратли хонадон бекаси” номли кўрик-танлов ўтказилди.
[gallery-15192]
Учрашувда Қибрай тумани ҳокими Музаффар Рашидов ёшлар билан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди. Ҳоким томонидан фаол ёшларга ҳамда университет жамоасига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тошкент давлат аграр университети талабаси томонидан туманда “Ҳоким стипендияси”ни ташкил этиш бўйича берилган таклиф қўллаб-қувватланди. Унга кўра, ташаббускор ва фаол ёшлар рағбатлантирилади.
А. Мусаев, Д. Эрназаров, ЎзА мухбирлари