Талабалар учун яна бир қулайлик
Талабаларга қулайлик яратиш мақсадида Қарши давлат университетида туризм амалиёт маркази ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш лабораторияси очилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қашқадарё вилоятига қилган хизмат сафари давомида Қарши давлат университетида янгидан фойдаланишга топширилаётган ушбу марказ ва лабораториянинг очилиш маросимида иштирок этди.


Таъкидлаш лозимки, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш лабораторияси фотоэлектрик қуёш қурилмаларини ишлашини ва қуёш панелларида ишлаб чиқарилган электр энергияси мониторингини олиб боришга мўлжалланган. У ерда муқобил энергия манбалари йўналишида таълим оладиган талабаларнинг амалиёт ўташи ҳамда магистрантлар ва ёш олимларнинг диссертациялари учун илмий-тадқиқот ишларини бажариш имконияти яратилган.

Шунингдек, фойдаланишга топширилган туризм амалиёт маркази туризм ва меҳмондўстлик таълим йўналишининг бакалавр ҳамда магистрантлари учун хизмат кўрсатиш соҳасида назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятини яратади. Марказ 4 юлдузли меҳмонхона андозасида бунёд этилган бўлиб, меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш, умумий овқатлантириш хизматлари, анжуманлар зали ва ўқув хонасини ўз ичига олади.


Ташриф давомида Қ.Шарипов тиббиёт факультети биокимё ва микробиология ўқув лаборатория хоналари, академик фаолият ва регистратор бошқармасини ҳам кўздан кечирди. Шунингдек, вазир масъуллар ҳамроҳлигида университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Жумладан, жорий ўқув йилида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган минг ўринли ўқув биносида бўлиб, тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири