Талабалар тадбиркорликка оид билимларини бойитди
Андижон ёшлар технопаркида “Кичик бизнесга амалий қадам – талабалар нигоҳида” мавзусида амалий машғулот ҳамда талабаларнинг бизнес-лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Андижон ёшлар технопарки ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Андижон давлат техника институти профессор-ўқитувчилари, институтнинг иқтисодиёт ва бошқарув факультети талабалари, самарали иш олиб бораётган тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Андижон ёшлар технопарки директор ўринбосари Араббой Азимов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, хусусан, талаба ёшларни бизнесга жалб этиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик борасидаги салоҳиятларини юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

Тадбирда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, талабалар қандай тартибда ўз бизнесини йўлга қўйиши мумкинлиги, самарали иш юритиши, бу борадаги имтиёз, имконият, ютуқ ва муаммолар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Андижон давлат техника институти профессори Акмалжон Эрматов, тажрибали менторлар томонидан ўтказилган амалий ва назарий машғулотларда талаба ёшларга бизнес-лойиҳа тайёрлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича кенг маълумотлар берди.

Машғулотда талабалар тадбиркорлик, назарий билимларини реал бизнес билан боғлаш, стартап экотизими ва имкониятлар, инновацион ғояларни ривожлантиришга оид билим ва тушунчаларини бойитди.

– Тадбирда ўзимнинг “Ёрёнғоқ пастаси ишлаб чиқариш” деб номланган бизнес-режам тақдимотини ўтказдим. Устоз ва мутахассислардан бизнес-режанинг ютуқ, камчиликлари ҳақида билиб олдим. Шунингдек, лойиҳани янада бойитиш юзасидан уларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини эшитдим. Насиб этса, келгусида ушбу лойиҳа асосида ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйман, – дейди Андижон давлат техника институти талабаси Малика Ҳосилова.
Бу каби машғулотлар талаба ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш, инновацион фикрлашини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни келажакда бизнес фаолиятини олиб боришга яқиндан ёрдам беради.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА.