Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш бўйича батафсил маълумот берилди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш бўйича батафсил маълумотларни эълон қилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш бўйича батафсил маълумотларни эълон қилди.
Вазирликнинг маълум қилишича, куни кеча АОКАда вазирлик бўлим бошлиғи А.Маманазаров иштирокида ўтказилган брифингда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш бўйича маълумот берилгач, вазирликка айни масалада мурожаатлар сони кескин кўпайган.
Эндиликда вазирликка ҳамюртларимиздан бир хил мазмунда энг кўп келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, улар юзасидан жавоблар эълон қилиб борилади.
Дастлабки йўналиш - талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш.
Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Ҳукуматнинг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади;
Хорижий олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш, кўчириб тиклаш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси ваколати доирасида;
Хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларнинг ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш тўғрисидаги аризасига рад жавоби берилади;
Низомга мувофиқ фуқаролар ўқишини кўчириш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳига 2020 йил15 июлдан 5 августга қадар бўлган муддатда мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган;
Коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган вазиятни инобатга олиб, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш жараёнини ташкил этишда онлайн режимда ҳужжатларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаролардан қуйидаги ҳужжатлар талаб эталади:
1. Кўчириш (қайта тиклаш)ни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), таълим шакли, мақсадли қабул бўйича ўқишга кирмаганлиги, кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);
2. Талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
3. Паспорт нусхаси.
Бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади;
Хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчирилишига рухсат этилмайди;
Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси давлат олий таълим муассасалари рўйхати ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси маълумотига асосан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг www.edu.uz расмий веб-сайти ва @eduuz расмий телеграм каналида эълон қилинади.