Талабалар гендер тенглигига оид билимларини бойитди
Андижон давлат чет тиллари институтида “Гендер тенглиги – барқарор ривожланиш асосларидан бири” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги Фуқаролик жамиятларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида “Иқбол” газетаси таҳририяти ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўтказилган семинарда Олий Мажлис қошидаги жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Зарифахон Аҳмедова, институт ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Зебунисо Қобулова, лойиҳа ташкилотчилари, экспертлари, институт профессор-ўқитувчилари, талабалари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда, хусусан, вилоятда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
- “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 25- мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича аниқ вазифалар ўз ифодасини топган, - дейди Олий Мажлис қошидаги жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Зарифахон Аҳмедова. – Мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган тадбирлар вилоятда ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга маълум даражада ҳисса қўшади.
Семинарда ташкилотчилар томонидан лойиҳанинг аҳамияти, мазмун-моҳияти, лойиҳа доирасида амалга ошириладиган тадбирлар, ҳамкорлик ҳақида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг Андижон давлат чет тиллари институти профессори, педагогика фанлари доктори Хабибахон Жўрабекованинг “Гендер тенгликнинг ҳуқуқий асослари” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Талабалар маъруза юзасидан ўтказилган савол-жавобларда фаол қатнашди, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Иштирокчилар томонидан гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилавий тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-27539]
Семинар иштирокчиларига лойиҳа доирасида чоп этилган газета нусхалари, мавзуга оид буклетлар тарқатилди, бир гуруҳ фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ушбу семинар талабаларнинг гендер тенглиги, унинг ҳуқуқий асосларига оид билим ва тушунчаларини янада бойитди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА