Талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди
«Пайшанба — Ёшлар куни» доирасида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров Гулистон давлат университетида бўлиб, талабалар учун яратилган шароитлар, таълим сифати ва уларнинг билим ҳамда салоҳиятини ошириш имкониятларини ўрганди.
Айни пайтда университетда 477 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Кундузги, сиртқи, масофавий ва кечки таълим шаклларида бакалавриат ҳамда магистратура босқичларида жами 16 315 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бундай кўламдаги таълим жараёнини самарали ташкил этиш, ўқитиш сифатини ошириш ва талабаларнинг замонавий билимларни эгаллаши учун зарур шароитларни яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўрганиш жараёнида тиббиёт ҳамда бухгалтерия ҳисоби йўналишларида таҳсил олаётган талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Суҳбат давомида касбий билим ва кўникмаларни ошириш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, хорижий тилларни пухта ўзлаштиришнинг бугунги меҳнат бозоридаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Зеро, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги даврда назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш, янги технологияларни ўзлаштириш ва замон талабларига мос мутахассис бўлиб етишиш долзарб вазифадир. Айниқса, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ва хорижий тилларни билиш ёшларнинг касбий салоҳиятини юксалтириб, меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширади.
— Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров билан талабалар ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқот ёшлар учун муҳим фикр ва таклифлар ўртага ташланган самарали учрашув бўлди. Суҳбат давомида ёшларнинг билим олишга интилиши, замонавий технологияларни ўзлаштириши ва хорижий тилларни пухта ўрганиши келажакдаги муваффақиятларининг муҳим омили экани таъкидланди. Айниқса, инглиз, корейс ва немис тилларини билишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу орқали Корея, Германия ва бошқа давлатларда малака ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш, касбий билим ва кўникмаларни бойитиш, ҳатто халқаро меҳнат бозорида муносиб иш топиш мумкинлиги қайд этилди.
Бугунги кунда тиббиёт соҳасида ҳам билим ва тажриба чегара билмайди. Шу боис келажак шифокорлари нафақат ўз соҳасини чуқур билиши, балки хорижий тилларни ўзлаштириб, жаҳон тиббиётидаги янгиликлардан хабардор бўлиб бориши ҳам зарур. Бундай мулоқотлар талабаларга ўз имкониятларини кенгроқ англаш, олдиларига катта мақсадлар қўйиш ва уларга эришиш йўлида дадил қадам ташлаш учун руҳ ва ишонч бағишлайди, — дейди тиббиёт факультети декани, тиббиёт фанлари номзоди Фарҳод Шерназаров.

Шунингдек, талабалар давоматини рақамлаштириш ва назорат самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани тажрибасини ўрганиш ва уни амалиётга татбиқ этиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Талабалар турар жойларида ёшлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика ишларини кучайтириш масалалари ҳам ўрганилди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада самарали ташкил этиш университет профилактика инспекторларига вазифа сифатида юклатилди.
Ёшлар учун муносиб таълим муҳитини яратиш сифатли билим бериш билангина чекланмайди. Бу, аввало, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама камол топиши учун зарур имкониятларни кенгайтиришни ҳам тақозо этади.
Ўрганиш давомида муҳокама қилинган масалалар ва белгиланган вазифалар университетда таълим сифатини ошириш, талабаларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда улар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири