Талаба-ёшлар учун стартап ва амалиёт имкониятлари кенгаяди
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев билан талаба-ёшларнинг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Пойтахтимизда ташкил этилган ушбу учрашувда ёшларнинг билим олиши, ўз иқтидорини намойиш этиши ва замонавий касбларни эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар, шунингдек, уларни қийнаётган муаммолар ва янги ташаббуслар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, мулоқотда агентлик тизимидаги ёшлар тадбиркорлиги ва стартап йўналишлари масъуллари ҳам иштирок этди. Ёшларнинг стартап лойиҳалари, таклиф ва ташаббуслари кўриб чиқилди. Талабаларга ўз ғояларини ривожлантириш, амалиёт дастурларида қатнашиш ва лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича тавсиялар берилди.
Қайд этилганидек, агентлик тизимидаги ташкилотларда амалиёт ўташ, ёшлар лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш, Ёшлар Венчур фонди ментор ва мутахассисларидан кўмак олиш имкониятлари яратилади. Фаол талабаларни Агентлик тизимидаги бўш иш ўринларига жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда фаол талабаларни агентлик тизимидаги бўш иш ўринларига жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сарбон университети қошида Стартап марказини ташкил этиш, робототехника клуби аъзоларига Робототехника ассоциацияси инфратузилмаси ва техник имкониятларидан фойдаланиш учун шароит яратиш ҳам режалаштирилди.

Мазкур келишувлар талабаларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантириш ва уларнинг стартап ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилди.
Учрашув якунида Сарбон университети ва Ёшлар Венчур фонди ҳамкорлигида стартап инкубация дастурини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА