Таҳдидларга қарши маърифат билан
Сирдарё вилояти божхона бошқармасида диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маънавий масъулиятини юксалтиришга бағишланган профилактик учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир вилоят ички ишлар органлари, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Сирдарё вилояти бошқармас ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби, ходимларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар масъуллари қатнашишди.

Учрашувда мамлакатимиз тинчлиги, жамият барқарорлиги ва фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солувчи диний экстремизм ҳамда терроризмнинг келиб чиқиш омиллари, уларнинг салбий оқибатлари ва мазкур хавф-хатарларни бартараф этишда маърифий ёндашувнинг ўрни хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, бугунги глобал ахборот маконида ёшларда мустаҳкам мафкуравий иммунитет, танқидий ва мустақил фикрлаш кўникмаси ҳамда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш уларни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан муҳофаза қилишнинг энг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.

Тадбир давомида мавзуга оид тарбиявий видеороликлар намойиш этилди ва улар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди. Мутахассислар экстремистик ғояларнинг тарқалиш усуллари, ёлғон ахборотларни таниб олиш, интернетдан хавфсиз фойдаланиш маданиятини юксалтириш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилишда оила, таълим муассасалари ва давлат идораларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини асослаб бердилар.
Учрашувда коррупцияга қарши курашиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Сўзга чиққанлар коррупция ҳар қандай давлат тизимининг самарадорлигига путур етказиб, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини сусайтирувчи хавфли иллат эканини таъкидладилар. Шу билан бирга, божхона органларида ҳалоллик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлаш, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш долзарб вазифа эканига урғу берилди.

Шунингдек, тизимда ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва касбий масъулиятни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Таъкидланганидек, ходимларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлаш ва қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш тизимда ҳалоллик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбирда иштирок этган ота-оналар ҳам фарзандларни ҳалоллик, ватанпарварлик ва юксак масъулият руҳида тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс эканини қайд этдилар. Улар бундай учрашувлар давлат хизматида фаолият юритаётган ёш ходимларнинг маънавий камолоти, хизмат бурчига садоқати ва шахсий масъулиятини янада кучайтиришини таъкидлашди.
Учрашув якунида фарзандларини юртга садоқат, ҳалол меҳнат ва фидойилик руҳида тарбиялаб, уларнинг давлат хизматида муносиб фаолият юритишига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига Сирдарё вилояти божхона бошқармаси номидан ташаккур изҳор қилиниб, уларнинг ибратли тарбияси юксак эътироф этилди.


— Бу каби маърифий учрашувлар ходимларда ҳуқуқий онг ва мафкуравий иммунитетни янада мустаҳкамлаш, давлат хизматида ҳалоллик ва масъулият муҳитини қарор топтириш, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади, — дейди Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Мансуржон Набиев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири