Таэквондочилар Кореяда совриндор бўлди
Мамлакатимизда спортнинг шарқона яккакураш, айниқса, унинг Олимпия ўйинлари дастурига киритилган турларини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор натижасида иқтидорли ёшларимиз халқаро ареналарда салмоқли ютуқларга эришмоқда.
Яқинда Корея Республикасининг Чунчеон шаҳрида бўлиб ўтган таэквондо “WT” бўйича “Chuncheon Korea open” халқаро турнирида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган наманганлик ёш маҳоратли спортчилар юқори натижаларга эришди.
Нуфузли мусобақанинг ўсмирлар иштирокидаги беллашувларида қатнашган Гулёра Орифжонова (52 килограмм вазнда), Эсмира Муррдова (59 кг.), Мардона Хуснидинова (46 кг.) ва Асадбек Аминов (78 кг.) ҳамда кадетлар орасида баҳсларга киришган Бекзод Йўлдошов (37 кг.) ярим финалгача бўлган жангларни ғалаба билан якунлаб, учинчи ўринни эгаллаган ҳолда, бронза медалларини қўлга киритди.

Ушбу салмоқли муваффақиятлар замирида Ўзбекистон таэквондо “WT” ассоциацияси Наманган вилояти бўлими раҳбари Холмурод Нозимов, моҳир мураббийлар Маъмуржон Нозимов ва Жавоҳир Сирматовнинг меҳнатларини эътироф этиш жоиз.

Наманганлик спортчиларни яна бир муҳим синов, яъни шу йил 25-28 июль кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳри мезбонлик қиладиган “CUP G-1” халқаро мусобақаси кутиб турибди. Ушбу мусобақада вакилларимизга омад ёр бўлишини тилаймиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.