Тадбиркорлик фаолиятига нисбатан ноқонуний текширувларга чек қўйилмоқда
Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш ва соҳада шаффофликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилмоқда.
«Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат билан 2026 йил 1 июлдан бошлаб «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ва унинг мобил иловаси янги имкониятлар билан ишга туширилади.
Эндиликда тадбиркорлар ўз ҳудудидаги туман ҳокими, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари ҳақида маълумот олиш ҳамда улар билан махсус чат орқали мулоқот қилиш имконига эга бўлади. Шунингдек, тадбиркорлар давлат хизматчиларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериши мумкин ва тизим текширув ҳуқуқи бўлмаган назоратчи ҳақида реал вақт режимида хабар беради. Шу кундан бошлаб тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда уларнинг шахсий кабинетлари тизимда автоматик равишда очилади.
2026 йил 1 августдан бошлаб соҳада яна бир муҳим янгилик — «Бизнес ҳимоя» QR-коди жорий этилади. Шу санадан эътиборан текширувларни рўйхатга олиш электрон китобининг қоғоз шакли ва назоратчиларнинг қоғоз кўринишидаги гувоҳномалари бекор қилинади.
Назоратчилар текширувни бошлашдан олдин тадбиркорнинг QR-кодини сканерлаши мажбурий этиб белгиланди. Агар давлат хизматчиси маълумотларни тизимга киритмаса, тадбиркор уни ўз ҳудудига қўймаслик ва мулоқот қилмаслик ҳуқуқига эга. Шунингдек, давлат органи номидан текширув мақсадисиз келиш ёки тадбиркорни чақириш «назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқот» сифатида рўйхатга олинади.
Фармон билан инсофсиз назоратчиларга нисбатан қатъий чоралар белгиланди. Бир йил давомида бир тадбиркор билан икки ва ундан ортиқ маротаба асоссиз мулоқотга киришган ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади ва у 12 ой давомида шу тадбиркордаги текширувлардан четлаштирилади.
Ушбу тақиқни бузиш текшириш ҳуқуқини берувчи гувоҳноманинг 3 ойгача тўхтатилишига сабаб бўлади. Тартибни сурункали бузувчилар эса 6 ой муддатга «Инсофсиз текширувчилар реестри»га киритилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА