Тадбиркорларнинг солиққа оид муаммолари назоратда
Фармон ва ижро
Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан Бўка туманида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган мақсад тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва солиқ тизимидаги янгиликлар ҳақида тўлиқ маълумот беришдир.

Тадбирда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи А.Зулфанов, туман ҳокими Б.Бегматов, туман солиқ инспекцияси раҳбарияти, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳамда бир қатор фаол тадбиркорлар иштирок этди. Мулоқот давомида солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсири, “Солиқчилар тадбиркорларга ёрдамчи” тамойили асосидаги янгича ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, тадбиркорлар учун яратилган электрон солиқ хизматлари ва рақамли ечимлар, солиқ ҳисоботларини тўғри ва ўз вақтида тақдим этиш, амалдаги имтиёзларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

– Жорий йил бошидан буён туманда солиқ ходимлари кўмагида вақтинча молиявий қийинчиликка дуч келган 70 нафар тадбиркорларнинг фаолиятлари қайта тикланди, 5 минг 242 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилди. Келгусида уларнинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда кенгайтиришида амалга ошириши лозим бўлган вазифалар юзасидан фикрлар алмашилди. Жараёнда тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларини қўллаш, нотурар объектларга мол-мулк солиғини ҳисоблаш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар, банк ҳамда кадастр органлари билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланди, – дейди Тошкент вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори Қаҳрамон Ниязметов.


Учрашув эркин савол-жавоб ва фикр алмашиш руҳида ўтди. Тадбиркорлар ўз муаммо ва таклифларини билдирди. Солиқ органи раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилотлар масъуллари ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, аниқ ечимлар ва тавсиялар берди.
А.Мусаев, ЎзА