Тадбиркорларнинг муаммолари тингланиб, уларга ечим топилди
Пойтахтимизда гўшт, сут ва тухум етиштирувчи тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ушбу маҳсулотларни таннархини тушириш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу тадбир чорвачилик ва паррандачилик соҳасини янада ривожлантириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш ҳамда муаммолар ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда Zoom конференция орқали Савдо-саноат палатасининг 14 та ҳудудий бошқармаларидан 150 га яқин ушбу соҳадаги тадбиркорлар қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз раҳбариятининг аҳолини рози қилишга қаратилган изчил ижтимоий сиёсати туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиши кузатилмаяпти. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар бозор механизмларининг барқарор ишлашига хизмат қилмоқда.
Маълумки гўшт, сут, тухум каби маҳсулотлар аҳолининг кундалик истеъмол харажатларининг 30 фоизини ташкил қилади. Бошқа соҳаларда бўлгани каби чорвачиликда ҳам ҳосилдорликни ошириш ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инновациялар жорий этилмоқда.

Шунингдек, республикада халқаро молия ташкилотларининг грант маблағларини жалб этиш бўйича ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ветеринария, чорвачилик, асаларичилик, балиқчиликни ривожлантириш бўйича тўққизта лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлар билан ушбу соҳадаги муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ва конструктив ечимларни излаш учун платформа яратишдан иборат.
Учрашувда тадбиркорлар томонидан электр тизимидаги узилишлар, экспорт қилиш жараёнида дуч келаётган муаммолар, фермер хўжаликлари, чорвачилик билан шуғулланаётган фермерларнинг кластер тизимига ўтиш жараёнида юзага келган муаммо ва камчиликлар ҳақида маълумот берди.

– Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, уларни қайта ишлаш бўйича ишлаймиз, – дейди тадбиркор Умид Мамадаминов. – Шу билан бирга, чорвачилик йўналишида ҳам лойиҳаларни бошлаганмиз. Фориш туманида замонавий технологиялар асосида озуқа етиштиришни йўлга қўйганмиз. Бугунги учрашувда озуқа етиштириш бўйича тизимда учраётган муаммолар айтилди. Уларни ечимлари бўйича тадбиркорларнинг таклифлари ҳам тингланди. Масалан, мен ҳам ўз таклифимни билдирдим. Яъни, тадбиркор лалми ерларни ўзлаштирган ҳолда замонавий сувни тежовчи, ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилган ҳолда озуқа етиштираман, деса бироз қийинчиликка дуч келади. Ана шундай вақтда инфраструктура масаласида, электр таъминоти, бурғулаш ишларида давлат-хусусий шерикчилик ташкил қилинса, давлат ҳам ўз ўрнида шу томондан ёрдам берса, тадбиркор ҳам замонавий технологияларни олиб келган ҳолда арзон ва сифатли озуқа маҳсулотларини ишлаб чиқариши осон бўлади.
Тадбир сўнгида аниқланган муаммолар юзасидан тадбиркорлик субъектларидан таклифлар таҳлил қилинди. Муаммоларнинг аксарияти тадбир давомида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳал этилди, айрим масалалар бўйича эса топшириқлар берилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА