Тадбиркорларга янги имтиёз ва имкониятлар тушунтирилди
Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида Президентимизнинг “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги ҳамда “Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Солиев ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, хусусий секторни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Шу мақсадда сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, берилаётган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида фикр алмашди.
Семинарда таъкидланганидек, қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги енгилликлар тадбиркорларга фаолиятларини кенгайтириш ҳамда янада ривожлантириш учун қулай имконият яратмоқда.
– Кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдорнинг 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилиши тадбиркорлар учун муҳим янгилик бўлди, – дейди Термиз шаҳридаги “Ассон” меҳмонхонаси раҳбари Ойдин Шарофиддинова. – Бу тартиб келгусида нархлар ўсиши инобатга олинган ҳолда чегаравий миқдор базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМнинг 12 минг баравари)га боғлаб қўйилгани ва яширин иқтисодиётни қисқартириб, шаффоф фаолият юритишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Семинар якунида тадбиркорларнинг солиқ қарздорлигини дебиторлардан ундириш, меҳмонхона хизматларини кўрсатиш, сайёр солиқ текшируви, ҚҚС, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси, нотурар объектларни ижарага бериш, туристик йиғимлар каби масалалар билан боғлиқ таклиф ва муаммолари тингланди. Тадбиркорлар ўртага ташлаган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Муддат ва ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири