Тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик тармоғини ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда.
Наманган шаҳридаги “Ҳожиакбар ота гўшт ва сут маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти дастлаб маҳаллий зотдаги 30 бош қорамол парвариши билан иш бошлаган. Мазкур хўжаликка яқинда Голландиянинг “Қора-ола голштин”, Австралиянинг “Симментал” зотли 20 бош қорамоли олиб келинди.

Жамият раҳбари Авазхон Ахрормирзаевнинг таъкидлашича, келгусида хўжалик фаолияти янада кенгайтирилиб, ҳудуд аҳолисига арзон нархларда сифатли гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб бериш ва маҳсулотларни қайта ишлаш мақсадида янги корхона ташкил этилиши режалаштирилган.
Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган фуқаролардан яна бири Рустам Томабоев Шаршара маҳалласи ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан балиқчилик хўжалигини ташкил этди. Уй шароитида у ўтган йили 50 тоннадан зиёд Африка лаққа балиғини етиштирди.

– Фаолиятимизни кенгайтириш учун фойдаланилмаётган ҳудуддан ер майдони ажратиб берилди, - дейди Рустам Томабоев. – Ажратилган кредит маблағи ҳисобидан бу жойни обод қилиб, балиқчилик учун мослаштиряпмиз. Эндиликда истеъмолдан ташқари балиқ чавоқларини тайёрлаб сотиш, кооперация усулида уларни етиштиришга ҳам имконият яратилади.
[gallery-16044]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА