Тадбиркорларга айрим солиқлар бўйича имтиёзлар берилмоқда
Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Депутатлар дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 473-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Ушбу қонун лойиҳаси билан махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, 3 миллиондан 5 миллион долларгача миқдорда – 3 йил, 15 миллион долларгача миқдорда – 5 йил ва ундан кўп миқдорда инвестиция киритса, 10 йил муддатга фойда солиғидан озод этилади.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорларга тежалган маблағлар ҳисобидан янги корхоналар ташкил этиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш имконини беради.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Фракция аъзоси Жаҳонгир Aбдурасулов ушбу қонун лойиҳаси бўйича батафсил маълумот берди. Депутат қайд этганидек, қонун билан айрим ҳудудлар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга айрим солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар берилмоқда.

Фракция аъзолари йиғилиш кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама қилиб, кўрилган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА