Тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ҳуқуқий кафолатлар
Тошкент давлат юридик университетида Бизнес-омбудсман ҳамкорлигида давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ҳуқуқий кафолатлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган давра суҳбатида Бизнес-омбудсман масъул ходими Ботир Усмоналиев иштирок этиб, Президентнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида илгари сурилган ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари, бизнес субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳамда ушбу йўналишдаги давлат сиёсатининг истиқболлари ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда тадбиркорлар учун маъмурий босимни камайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган жуда катта енгилликлар хусусида тушунчалар берилди.
Қайд этилганидек, 3 йиллик мораторий, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга тақиқ (мораторий) жорий этилди. Ушбу даврда текширув ўтказиш мутлақо ноқонуний ҳисобланади.
Агар тадбиркор биринчи марта хатоликка йўл қўйса ва бу ҳаётга хавф туғдирмаса, унга жарима солинмайди. Камчиликни тўғрилаш учун 10 кунлик муддат берилади.

Шу билан бирга, бизнесга қўлланиладиган барча молиявий ва маъмурий жазолар миқдори ўртача 2 бараварга камайтирилади.
Тадбирда Президентимизнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқоти ва ундан сўнг қабул қилинган фармон Ўзбекистонда бизнес юритиш муҳитини тубдан ўзгартиришга қаратилган тарихий бурилиш палласи бўлгани қайд этилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА