Тадбиркорлар муаммолари ўрганилмоқда
Шу кунларда Бизнес-омбудсман ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда юртимиз бўйлаб тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган бир қатор семинар-тренинглар ва учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур семинарларда ҳужжат мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича батафсил маълумот берилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида ўтказилган семинарда тадбиркорлар, ҳоким ёрдамчилари ва бошқа мансабдор шахслар иштирок этди. Семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Сирдарё вилояти Экология бошқармаси ходимлари учун ўтказилган семинарда ҳам юқоридаги ҳужжат мазмун-моҳияти, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар, “Ягона давлат назорати“ ахборот тизимида рўйхатга олиш ва жорий этилаётган янги тартиблар бўйича маълумот берилди.
Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармасида ўтказилган йиғилишда фармон ижросини таъминлаш, йўл қурилишида тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва “Хавфни таҳлил қилиш“ электрон тизими жорий этилиши масалалари муҳокама қилинди.

Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тарғибот учрашувида эса тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда Бизнес-омбудсман, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимлари, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирок этди. Учрашув давомида тадбиркорлик субъектларига жорий этилган қулайлик ва имкониятлар, шунингдек, назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказишда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди.
Қайд этилганидек, ушбу семинар-тренинглар ва учрашувлар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний фаолият юритиши учун шароит яратиш, шунингдек, назорат қилувчи органларнинг фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА