Тадбиркорлар муаммолари назоратга олинди
Наманганда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “20 август – Тадбиркорлар куни” олдидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан “Тадбиркорлик ривожи учун янги таклиф ва ташаббуслар” шиори остида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбиркорлик соҳасида ечимини кутаётган тизимли муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлашга қаратилган мазкур анжуманда вилоятдаги икки юздан ортиқ ишбилармонлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари, солиқ, аудит, божхона ва бухгалтерия соҳаларидаги етакчи экспертлар, давлат идораларининг мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов мамлакатимизда сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, аҳолини кичик бизнесга жалб этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди. Кенг кўламли ишлар натижасида Наманган вилояти мамлакатимизнинг саноат ва тадбиркорлик марказига айлангани таъкидланди.
[gallery-12613]
Ҳозирги кунда тадбиркорлар дуч келаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича юртимизда қатор ташкилот ва бошқармалар фаолият юритмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича мақбул ечимлар таклиф этаётир.
– Тадбиркорликни бошлаганимга ўн йилдан ошди. Сиҳатгоҳ ҳудудидаги бўш ерда ижара асосида ишлаб, ҳозирда мармар тош маҳсулотларини ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди Янги Наманган туманидаги “Marmar Granit Fayz” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси Ҳожиакбар Олимов. – Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 535-моддасида ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказишга доир норма келтирилган бўлиб, унга кўра, давлат мулки объектларидан фойдаланишда ижара шартномаларини имзолашда бир йилдан ортиқ муддатга имзолаган тақдирда шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказилиши белгилаб қўйилган. Кўрсатилган муддат уч йилдан ортиқ муддатга тузилган шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилса, тадбиркорларнинг миллионлаб маблағлари тежалган бўларди.
Амалий учрашувда ўртага ташланган тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммолар ҳамда бизнесга янада қулайлик ва енгилликлар яратишга қаратилган барча таклиф ва ташаббуслар рўйхати шакллантирилиб, ўрганиб чиқиш учун назоратга олинди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.