Тадбиркорлар муаммолари доимо эътиборда
Божхона қўмитасининг мутасадди тузилма бошлиқларидан таркиб топган ишчи гуруҳ томонидан ҳудудий бошқармалар, божхона постлари ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганишга қаратилган сайёр учрашувлар ўтказилмоқда.
Навбатдаги сайёр тартибда ўрганиш ишлари Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” ва “Бухоро аэропорти” чегара божхона постлари ҳамда “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида бўлиб ўтди.
Унда Божхона қўмитасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бошқармаси бошлиғи С.Жалилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари сайёр ташриф аввалида Бухоро мурувват ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи тарбияланувчиларининг аҳволи ҳамда бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ вакиллари мурувват уйи мутасаддилари билан суҳбатда бўлди. Бу ерда шифо топаётган тарбияланувчиларнинг руҳий ва жисмоний барқарорлигини таъминлашда божхона органлари ҳамиша тайёр эканлигини алоҳида таъкидлашди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ вакиллари “Олот” чегара божхона постида яратилган шароитлар билан танишиш асносида ходимларнинг касбий тайёргарлиги, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиши ҳамда ўзига юклатилган вазифаларни тўла-тўкис адо этиши юзасидан ўрганишлар олиб борди.

Божхона органи мутасаддиларининг сайёр тартибда ўрганишлари давомида Олот туманида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ҳамда уларнинг божхона органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.
Сайёр ташриф доирасида “Buxoro Gold Star Mot” МЧЖ масъулларининг божхона органлари билан ҳамкорлиги таҳлил этилди. Самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун, Олот тумани “Халифа” Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳудудининг 2 гектар ер майдонида қад ростлаётган “Buxoro Gold Star Mot” МЧЖ жорий йил сўнггига қадар тўлиқ ишга туширилиши кўзда тутилган.
Эътиборлиси келгусида 150 янги ишчи ўрни яратиши кутилаётган мазкур корхона мутасаддилари билан божхона органларига бириктирилган ишсиз ёшларни доимий иш билан таъминлаш борасида келишиб олинди.

Шунингдек, “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости ва “Бухоро аэропорти” чегара божхона постлари ходимлари билан учрашувлар ташкил этилди. Ходимларнинг ҳар томонлама божхона органларида хизмат олиб боришга муносиб бўлиши лозимлиги юзасидан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА