Тадбиркор хотин-қизлар қўллаб-қувватланмоқда
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида Андижон вилоятининг Асака туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майдаги «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида Андижон вилоятининг Асака туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Айни пайтда туманда 198 тадбиркор, 346 ҳунарманд ва касаначи хотин-қиз фаолият олиб бормоқда. Тадбиркор аёлларнинг самарали иш олиб бориши учун туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Ҳунарманд” уюшмаси, Савдо-саноат палатасининг туман бўлимлари, солиқ инспекцияси, банклар, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида барча зарур шарт-шароит яратиб берилаётир.
Туманда оилавий бизнесни ташкил этиш, опа-сингилларимизни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг ҳуқуқий ва тадбиркорлик борасидаги билим ва малакаларини ошириш мақсадида давра суҳбатлари, ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Уларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, тадбиркорлик бўйича иш бошлаш арафасида турган опа-сингилларимизга бизнесни ташкил этиш, ҳужжат юритиш, солиқ имтиёзлари, кредит олиш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
– Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган, – дейди туманнинг Истиқлол маҳалласида яшовчи Гулнора Эргашева. – Ана шу имкониятлардан фойдаланиб, тикувчилик корхонаси очдим. Аёллар учун замонавий ва миллий либослар ишлаб чиқарилаётган корхонамизда ўн нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
Қатор корхона ва маҳаллаларда касаначилик, айниқса, “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунармандликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Туманимизда оилавий бизнесни ташкил этиш, томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олаётган оилалар кўпчиликни ташкил этади, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Раҳима Низомиддинова. – Мазкур йўналишдаги ишлар Барака, Шодлик, Қадрият, Ахтачи сингари маҳаллаларда, айниқса, яхши йўлга қўйилган.
Дарҳақиқат, ўз хонадонида иссиқхона қуриб, помидор, бодринг, кўкат ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштириб, йилига икки-уч марта ҳосил олаётган юртдошларимиз нафақат ўз оиласи, балки маҳалла ободлиги, халқимиз фаровонлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Тўрт сотих ерда иссиқхона барпо этганмиз, – дейди Ахтачи маҳалласида яшовчи Наргиза Абдусаломова. – Халқимиз дастурхонига сифатли бодринг, помидор ва кўкатлар етиштириб берамиз. Бу ишга оиламизнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳиссасини қўшади, мўл ҳосил олиш учун ҳаммамиз бирдек ҳаракат қиламиз. Шу иш ортидан кам бўлмаяпмиз. Йилига 10-15 миллион сўм даромад топамиз. Янги уйлар соляпмиз, тўйлар қиляпмиз.
Туманда қизлар, хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 90 нафар битирувчига банклар томонидан 340 миллион сўм имтиёзли кредит берилди. Натижада кўплаб ёшлар ўз бизнесини йўлга қўйди.
– “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан 1 миллион 600 минг сўм имтиёзли кредит олиб, тикувчиликни йўлга қўйдим, – дейди Асака педагогика касб-ҳунар коллежи битирувчиси Наргиза Фозилова. – Бугун буюртма бўйича эркаклар ва аёллар кийимлари, ўқувчилар формалари тайёрлаяпмиз. Бундан биз ҳам, қишлоғимиз аҳолиси ҳам мамнун.
Мухтасар айтганда, Асака туманида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар оилалар фаровонлигини ошириш, опа-сингилларимизнинг бандлигини, ҳудудлар ободлигини таъминлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.