Тадбиркор-ислоҳотлар ташаббускори
Давлатимиз раҳбари ўтган йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида бир қатор эзгу ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, “Фарғонанинг тадбиркори – ислоҳотлар ташаббускори” бўлиши керак, деган ғояси тадбиркорлар ўртасида кенг қулоч ёзди.
Бугун вилоятда 34 минг 420 та кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган бўлиб, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажмида уларнинг улуши 65 фоиздан ортиқроқни ташкил этади.
Пандемия шароитида фаолияти бироз сустлашган 4144 та тадбиркорлик субъектларига кўмаклашилди. Вақтинча ишини тўхтатишга мажбур бўлган 1780 та юридик шахслар тўлиқ ўз фаолиятини таклашига эришилди. Биргина хизмат кўрсатиш соҳасида уч мингдан зиёд кичик корхона ва фирмалар ўз фаолиятини бошлади.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида 2020-2021 йилларида қиймати 166,1 млн. доллар бўлган 45 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда 4,5 мингта янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Ўз навбатида шаҳар-туманларда ташкил этилган 26 та кичик саноат зоналарига тадбиркорларни кенг жалб этиш, вилоятда яна 50 та кичик саноат зоналари барпо этиш белгиланди.
Айни пайтда вилоятда қўшма ва хорижий корхоналар сони 460 тадан ортди. Марказий Осиёда ягона рентген аппаратлари ишлаб чиқарувчи “Листем Фергана”, цемент ишлаб чиқариш бўйича “Ясин қурилиш”, сантехника жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ekokerama”, саноат маҳсулотлари тайёрловчи “Fergana Global textile” сингари корхоналар фаолиятига бу борада бошланган янги ташаббуслар доирасида асос солингани қувонарлидир.
М. Сулаймонов, ЎзА