Тадбиркор фойдасига 75,5 млн сўм ундирилди
Сирдарё вилоятидаги Боёвут туманлараро иқтисодий суди «Lazizbek Gold» МЧЖ манфаатида 75 560 000 сўм миқдоридаги қарз ҳамда 1 511 200 сўм давлат божини ундириш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур қарз Ховос туман йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмагани туфайли юзага келган.
Янгиер шаҳар адлия бўлимига тадбиркорлик субъекти томонидан мурожаат келиб тушган бўлиб, унда шартномага асосан кўрсатилган хизматлар учун тўлов тўлиқ амалга оширилмаётгани билдирилган. Мурожаат ҳуқуқий тартибда кўриб чиқилиб, судга даъво аризаси киритилди.
Маълумотларга кўра, томонлар ўртасида 175,5 миллион сўмлик шартнома тузилган ва «Lazizbek Gold» ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарган. Бироқ корхона хизматлар учун тўловни фақат қисман амалга оширган, натижада 75,5 миллион сўм қарздорлик юзага келган. Бир неча бор оғзаки ва ёзма талабномалар юборилганига қарамай, тўлов амалга оширилмаган.
Адлия органлари мазкур масалада тадбиркорга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилди. Суд ишни холисона кўриб чиқиб, тадбиркор манфаатида адолатли қарор қабул қилди.
Хулоса қилиб айтганда, агар шартнома тузилган бўлса, ҳар бир тараф ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариши шарт. Акс ҳолда, қонун доирасида чора кўрилади ва тадбиркорнинг манфаати ҳимоя қилинади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири