Тадбиркор фаолиятини ноқонуний текширган мансабдор жавобгарликка тортилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бизнес вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятидаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича кескин чоралар кўрилаётганига қарамай, ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилувчи назорат органлари ходимлари ҳамон учраб турибди.
Бизнес-омбудсман томонидан аниқланган навбатдаги ноқонуний текширув ҳолати ва унда айбдор бўлган мансабдор шахсларнинг қатъий жавобгарликка тортилиши бу борадаги қонун устуворлигининг яққол исботи бўлди.
Хусусан, Бизнес-омбудсманга Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи "М.Б.М." МЧЖ раҳбари вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилди.
Аниқланишича, инспекциянинг етакчи мутахассиси Зафаробод туманида қурилган мактаб объектида ўтказилган текширувда қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиб, тадбиркорга нисбатан 822 миллион сўм миқдорида асоссиз зарар ҳисоблаган.
Инспекция бошлиғининг буйруғига асосан, текширув фақат 1 кун (2026 йил 8 июнь) ўтказилиши белгиланган бўлса-да, расмийлаштирилган далолатномада текширув аслида 2026 йил 23 апрелдан 20 майгача (деярли бир ой) ўтказилгани, 1 кунлик қисқа муддатли текширув ниқоби остида амалдаги тадбиркорни деярли бир ой (27 кун) давомида ноқонуний текширганлиги маълум бўлди. Шунингдек, текширув олдидан хавф таҳлили ўтказилмаган ва тадбиркорга унинг ҳуқуқлари тушунтирилиб, тегишли тилхатлар олинмаган. Текширувга гарчи бирор-бир шартнома тузилмаган бўлсада, мутахассислар ноқонуний жалб этилиб, текширув амалга оширилаётган вақтда ушбу ҳолат Текширувларни рўйхатга олиш китобига киритилмаган.
Бизнес-омбудсман аралашуви ва кўрилган чоралар натижасида тадбиркор ноқонуний жавобгарликка тортилишининг олди олинди ва бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Шунингдек, ноқонуний текширув ўтказган мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-2-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА