Тадбиркор аёл — тараққиёт таянчи
Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётида аёл нафақат оила қўрғони, балки иқтисодий юксалишнинг ишончли таянчи сифатида намоён бўлмоқда. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани бежиз эмас.
Президентимизнинг хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этишга қаратилган фармон ва қарорлари бу борада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди. Имтиёзли кредитлар ажратиш, касб-ҳунарга ўқитиш, бизнес лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини соддалаштиришга доир белгиланган вазифалар минглаб аёллар учун янги имконият эшикларини очди.
Бу эзгу мақсадлар ижроси жойларда изчил таъминланмоқда. Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродованинг Зарбдор туманида бўлиб, тадбиркор аёллар билан мулоқот қилиши ана шу амалий ишлар давомийлигининг ёрқин ифодаси бўлди.

Туман марказида ўтказилган учрашув самимий ва мазмунли руҳда кечди. Суҳбат давомида хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш фаолияти, яратилган иш ўринлари, маҳсулот сифати ва бозорга чиқиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Ҳар бир тадбиркор аёлнинг ортида оила фаровонлиги, маҳалла иқтисодий барқарорлиги ва янги иш ўринлари тургани алоҳида таъкидланди.
Сўнгги йилларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган молиявий қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилди. Тижорат банклари орқали ажратилаётган имтиёзли кредитлар, “Аёллар дафтари” орқали манзилли ёрдам, касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурлари кўплаб хотин-қизларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишига замин яратмоқда. Бугун тадбиркорлик субъектлари орасида аёллар улуши йил сайин ортиб бораётгани ҳам ушбу сиёсатнинг амалий самарасидан далолат беради.

Зарбдордаги мулоқотда тадбиркор аёлларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Айниқса, маҳаллий брендларни шакллантириш, маҳсулотларни электрон савдо майдонларига олиб чиқиш, кооперация алоқаларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бир қатор маҳаллаларда амалий ўрганиш ишлари олиб борилди. “Маҳалла еттилиги” фаолияти, хотин-қизлар билан ишлаш тизими, тадбиркор аёллар учун яратилаётган шароитлар жойида таҳлил қилинди. Бундай очиқ мулоқот ва манзилли ёндашув муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, янги ташаббусларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Бугун аёл тадбиркор — бу фақат ишбилармон эмас. У янги иш ўринлари яратаётган, маҳаллага барқарор даромад олиб кираётган, фарзандлари келажагига ишонч билан қараётган фидойи шахсдир. Унинг муваффақияти — оила мустаҳкамлиги, жамият барқарорлиги ва иқтисодий ўсиш демакдир.
Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати изчил давом этар экан, жойлардаги ана шундай амалий мулоқотлар ва манзилли қўллаб-қувватлаш чоралари юртимизда иқтисодий фаолликни янада оширишга, оилалар фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зеро, аёл меҳнати — барака, аёл қалбидаги ишонч — тараққиётдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири