Тадбиркор аёл – келажак бунёдкори
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал Демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши томонидан “Бугуннинг тадбиркор аёли” лойиҳаси доирасида Тўрақўрғон туманида касб-ҳунар мактаби ўқувчилари учун вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири – “Рунам-текс” хорижий корхонасига саёҳат ташкил этилди.
Республиканинг кичик бизнес ва саноат маркази ҳисобланган Наманганда ишбилармон аёллар сафи кун сайин ортиб бормоқда. Улар тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Рунам-текс” хорижий корхонаси ана шулар сирасига киради.

– Корхонамиз майдони 6 минг 500 квадрат метрни ташкил этиб, 3,7 миллион доллар тўғридан- тўғри хорижий инвестиция жалб этганмиз, – дейди жамият директори, “Шуҳрат” медали ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳибаси Маҳфуза Гюмюш. – Ҳозирги кунда корхонамизда 500 нафардан зиёд ходим ишлаб келмоқда. Уларнинг аксарияти хотин-қизларни ташкил этади. Ходимларни танлашда уларнинг иқтидори билан бир қаторда ижтимоий дафтар рўйхатларида турганига ҳам эътибор қаратганмиз. Мақсадимиз эҳтиёжманд тоифадаги аёлларни моддий жиҳатдан муҳофаза қилиш. Ишчиларимиз учун икки маҳал иссиқ овқат, яна бир қанча муносиб иш шароитлар яратилган. Ўртача 3-5 миллион сўмдан маош олишади. Қолаверса, корхонамизда касб-ҳунар ўрганиш истагидаги ёшлар учун ҳам имкониятлар бисёр.

Тадбир давомида O’zLiDeP вилоят ва туман кенгашлари ходимлари томонидан партиянинг ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хотин-қизларни ишга жойлаштириш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бино қуриш учун ер участкаси ажратилишига яқиндан ёрдам бериш каби таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Учрашув қатнашчилари фаол тадбиркор аёл Маҳфуза Гюмюш билан мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Шунингдек, тадбир давомида ёш тадбиркорларни қийнаб келаётган айрим муаммолар ўрганилиб, мақбул ечимларини топиш, таниқли ишбилармонларга “Устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири