Табиатга етказилган зарар ундирилади
Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ҳудудларда мунтазам равишда назорат рейд тадбирлари ташкил этилиб, табиатга зарар етказаётган ҳолатларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.
Ана шундай рейд тадбирларида Олот тумани ҳудудидан ўтувчи Жондор канали атрофида жиддий қонунбузарлик ҳолати аниқланган эди. Маълум бўлишича, қазиш ишлари олиб бориш жараёнида масъул юридик шахс – МЧЖ раҳбари томонидан 154 туп қимматбаҳо турунғул дарахтлари ноқонуний равишда кесиб ташланган.

Ушбу ҳолат юзасидан бошқарма мутахассислари томонидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилиб, табиатга етказилган зарар миқдори аниқ ҳисоб-китоб қилинди. Натижада, экологик зарар 1 миллиард 302 миллион сўмни ташкил этгани маълум бўлди.

Мазкур қонунбузарлик бўйича 2024 йилдан буён суд жараёнлари олиб борилиб, вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан Иқтисодий ишлар бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд томонидан иш атрофлича кўриб чиқилиб, даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилди.

Чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан, табиатга етказилган 1 миллиард 302 миллион сўм миқдоридаги зарар жавобгар юридик шахсдан ундирилиши белгиланди.

Мазкур ҳолат табиатга нисбатан эътиборсиз муносабатнинг қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди. Шу билан бирга, экологик назоратнинг кучайтирилаётгани ва қонун устуворлиги таъминланаётгани табиий бойликларни асраш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир фуқаро ва ташкилот атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъулият билан ёндашиши, табиатни асрашни ўзининг бурчи деб билиши зарур.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.