Табиатга 20 миллион сўмдан зиёд зарар етказилди
Бухоро вилоятида табиатни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асрашга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан Когон тумани ҳудудида ўтказилди. Назорат жараёнида Қизгул чўл массивида жойлашган кўлда ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, Қизилтепа туманида яшовчи икки нафар фуқаро томонидан тақиқланган ов қуроли – тўрдан фойдаланиб балиқ овланган. Рейд давомида зоғора, кумуштовон, шарқ оқчаси, илонбош ва қизилкўз каби жами 109 дона балиқ турлар овланганлиги аниқланган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ушбу балиқлар Бухоро давлат университети Биология кафедраси мутахассисларига тақдим этилди. Мутахассислар хулосасига кўра, мазкур қонунбузарлик натижасида табиатга етказилган зарар миқдори 20 миллион 700 минг сўмни ташкил этган.

Ҳуқуқбузарлик юзасидан барча далилий ашёлар – овланган балиқлар ҳамда тақиқланган тўр мусодара қилинди. Айни пайтда ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, айбдор шахслардан етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Табиат бойликларидан ноқонуний фойдаланиш нафақат қонунбузарлик, балки келажак авлод манфаатларига қарши қаратилган хатти-ҳаракатдир. Шу боис ҳар бир фуқаро экологик масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, табиатни асрашга ўз ҳиссасини қўшиши зарур.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.