Табаррук ёшли инсонлар давлат ва эл эъзозида
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Шу кунларда юртимизнинг барча жойида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан миллионлаб инсонларга кулфат келтирган фожеа қурбонлари ёдга олинмоқда. Бугун табаррук ёшга етган фахрийларга ҳурмат-иззат кўрсатилаётир.
Президентимизнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони асосида ҳокимлар, давлат идоралари жамоат ташкилотлари вакиллари уруш фахрийларининг хонадонларига бориб табрикламоқда.
Жиззах шаҳридаги “Олмазор” маҳалласида истиқомат қилаётган Абдужалил ота Абдужабборов иккинчи жаҳон урушининг бошидан охиргача иштирок этиб, Берлингача бориб қайтган жангчиларидан. Даҳшатли қирғинбарот жанглардан омон қайтган иродали инсон элимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилиб, бугун фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида, давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд умр кечираётир.
Отанинг хонадони ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида яқинлари, маҳалладошлари билан гавжум бўлади. Вилоят ҳокими Эргаш Солиев табаррук қариянинг хонадонига ташриф буюриб, Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва пул мукофоти, байрам совғаларини ҳарбий оркестр садолари остида топширди.
Табуррук ёшга етган отахон Президентимиз, давлат ва жамоат ташкилотлари, яқинлари, маҳалладошларининг ғамхўрлик ва эътибори учун миннатдорлик билдирди.
– Давлатимизнинг тинчликсевар сиёсати, халқимиз турмушини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишлардан кўнглим тоғдек ўсаётир,– дейди ота. – Шу ёшда мен учун Ватан тинчлиги, элимиз фаровонлиги фарзандларим, набираларим камолини кўриб туришдан катта бахт йўқ. Биз, уруш фахрийларига ҳурмат кўрсатиб, барча шарт шароитларни яратиб бераётган ҳукуматимизга минг раҳмат.
Шу куни вилоят ҳокими Шароф Рашидов туманида умургузаронлик қилаётган 100 ёшли Мамашариф бобо Содиқовнинг ҳам хонадонига бориб, Президент табриги ва совғасини топширди.
Иккинчи жаҳон урушида Жиззах вилоятидан 39 620 нафар киши қатнашган эди. Бугун вилоятда 14 нафар уруш фахрийси, 3 нафар Ленинград шаҳри қамали ва фашистлар концлегерида бўлганлар истиқомат қилмоқда.
Уларнинг ҳолидан хабар олинди.
[gallery-2335]
Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков(сурат) ЎзА