Тўйлар ҳақидаги Низом амалда қандай бажарилади?
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори асосида кўпдан бери кутилган Низомнинг тасдиқланганлигига уч ой бўляпти. 2020 йилнинг 1 январидан Низом талабларини амалда бажарилиши лозим. Бунга эса уч ҳафтадан озроқ вақт қолди.
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори асосида кўпдан бери кутилган Низомнинг тасдиқланганлигига уч ой бўляпти. 2020 йилнинг 1 январидан Низом талабларини амалда бажарилиши лозим. Бунга эса уч ҳафтадан озроқ вақт қолди.
Дарҳақиқат, “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом” деб ном олган ҳужжатни аҳоли аксарият қисми кўпдан бери кутаётган эди. Тўйу маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказилиши ҳақида кўп йиллардан бери гапириб келинаётган эди. Бу борада қарор орқали мажбурламасдан юртдошларимизнинг масалага онгли ёндашувига асосланиш лозим деган қарашларга ҳам таянишга ҳаракат қилинди. Аммо аҳвол яхши томонга ўзгариши ўрнига тўй ва маъракаларни ким ўзарга ўтказиш янада авж олди. Шу сабабли Низом кўпчилик томонидан илиқ ва катта умидлар билан кутиб олинган эди.
Эндиликда эса Олий Мажлис қарори асосида қабул қилинган Низом бажарилмасдан қоладими деган хавотир пайдо бўлди. Ўзаро суҳбатларда юртдошларимиз Низом талаблари бажарилганда, моддий зарар кўрадиган озчилик (тўйхона ва ресторан эгалари, хонандалар...) ўз таъсирини ўтказиб, ҳаммасини эскича қолдиришга эришдими, деган саволни ўртага ташламоқда. Йўқ, бундай эмас дейдиганлар айтсинчи, нега бўлмаса Низомни ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чоралар кўрилмаяпти? Талаблар бажарилишини ким ва қандай назорат қилади? Ахир, қилиниши лозим бўлган ишлар бир олам-ку!
Турли касб эгалари, ёши улуғ инсонлар суҳбатларига таяниб бир қатор ишларни амалга оширсак, Низом талаблари асосида тўйларни рисоладагидек ўтказишга эриша оламиз деган эзгу ният билан қуйидаги таклифларни ўртага ташламоқчи эдим.
Ҳар бир шаҳар ва туманда ички ишлар органлари, солиқ инспекцияси, маҳалла фуқаролар йиғини ва бошқа жамоат ташкилотлари ходимларидан иборат комиссия тузилсин. Комиссия сони ҳудуднинг катта-кичиклигига қараб ўзгариши мумкин. Уларнинг ишини мувофиқлаштириб бориш учун маҳаллий ҳокимият қошида алоҳида гуруҳ ташкил этиш керакдир? Акс ҳолда бу ишни ким ва қачон бажаради? Низом ўз-ўзидан ишлаб кетмайди. Агар ўз ҳолича ташлаб қўйилса, 1 январдан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Низом талабларини ҳар бир ватандошимиз қонун сифатида қабул қилиши ва уни сўзсиз бажаришига эришмоқ даркор.
Низомда тўю тантаналиримизда янграётган мусиқа садоси баландлиги даражасини назорат қилиниши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Аслида товуш баландлиги одам саломатлигига зарар етказмайдиган даражада бўлиши керак эмасми? Ахир, у санитария меъёр ва қоидалари бўйича неча децибелл бўлиши белгиланган-ку! Буни ҳам тузиладиган комиссия ўз назоратига олади.
Низомда белгиланган тартиб-қоидаларни бузганларга солинадиган жарима миқдорини қайта кўриб чиқиш керак. Ҳозирги пайтда бундай фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (2 миллион 230 минг сўм), тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида (6 миллион 690 минг сўм) жарима солинади.
Бу жуда оз эмасми? Тўй базмига 70-80 миллион ва бундан ҳам кўпроқ маблағ сарфлаётган тўйчи ва уч соатлик хизмати учун шунча пулни олаётган тўйхона соҳиби учун бу жарима ари чаққанчалик таъсир қилмаса керак?!
Тўйда иштирок этувчилар сони қисқарганининг қусурини тўйхона эгалари ҳар бир тўйхўрга кўрсатадиган хизмат ҳақини кескин кўтариш билан қоплашга интилиши мумкин. Шу сабабли тузиладиган комиссия тўй ва маъракалар дастурхони камтарона тузилиб, қиммат бўлмаслигига ҳам эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ.
Умуман олганда, “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом” тўласинча ҳаётга татбиқ этилиши учун қолган оз муддатда анчагина ташкилий ишларни амалга ошириш талаб этилади. Йиллар давомида халқимиз кутган қарор ижроси пайсалга солинмаса бўлгани!