Сузиш: Жаҳон кубоги босқичининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
Тошкентдаги “Олимпия шаҳарчаси” Сув спорти саройида сузиш бўйича жаҳон кубоги босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Сузиш бўйича “Ипак йўли” турининг бир қисми ҳисобланган мазкур жаҳон кубоги босқичи мамлакатимизда илк бор ўтказилмоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мусобақа спортчилар учун жорий йил декабрь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан сўнгги тайёргарлик вазифасини ўтайди.
Пойтахтимиз мезбонлик қилаётган жаҳон кубоги босқичида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан ташқари, Австралия, Жазоир, Беларусь, Бельгия, Ботсвана, Буюк Британия, Венгрия, Гонконг, Исроил, Ҳиндистон, Ирландия, Испания, Италия, Қозоғистон, Канада, Қирғизистон, Хитой, Латвия, Макао (Хитой), Намибия, Нидерландия, Янги Зеландия, Ўмон, Покистон, Польша, Россия, Салвадор, Сингапур, АҚШ, Тринидад ва Тобаго, Уганда, Финляндия, Чехия, Швейцария, Швеция, Эстония, Жанубий Африка ва Япония мамлакатларидан келган сузувчилар билан бир қаторда, сузиш клубларидан ҳам вакиллар иштирок этаётир.
Байрамона безатилган мазкур спорт саройида чорлов садолари остида майдонга мусобақа иштирокчилари кириб келди.


Маросимда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Ўзбекистон сув спорти федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, “World Aquatics” ташкилоти Ижроия қўмитаси Бюроси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда Халқаро сузиш федерацияси — “World Aquatics” президенти Ҳусайн Ал Мусаллам иштирок этди.
Тадбирда Қудратилла Рафиқов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда спортни, айниқса, сув спортини ривожлантириш, спортчилар учун муносиб шароитлар яратиш ва нуфузли халқаро мусобақаларни юқори савияда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Жаҳон кубоги босқичида 400 нафарга яқин маҳоратли спортчининг юртимизда жам бўлиши мазкур эътиборнинг яна бир амалий ифодаси эканини қайд этди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, ушбу йўналишлардаги амалий ҳаракатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда. Ҳужжатда сузиш, сув полоси, синхрон сузиш ва сувга сакраш каби спорт турларини янада ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва тайёрлаш, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича вазифалар белгиланган.
Мазкур ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро сув спорти ҳаракатидаги иштироки кенгайиб, 2025 йилда мамлакатимиз вакили 2025-2029 йиллар учун “World Aquatics” бюросига Осиё минтақасидан аъзо этиб сайланди. Шунингдек, ўтган йили давлатимиз раҳбари “World Aquatics” президенти Ҳусайн Ал-Мусалламни қабул қилиб, халқаро ташкилот билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистонда йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашган эди. Мазкур амалий ишлар бугун ўз самарасини бермоқда.


Тадбирда бугунги кунда янги Ўзбекистон спортчиларининг халқаро тажрибаларини юксалтириш, хусусан, сув спорти соҳасида етакчи хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш, спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш, юқори малака ва тажрибага эга мураббийлар таркибини шакллантириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Сув спорт турлари бўйича спортчиларимиз нуфузли мусобақаларда улкан ғалабаларга эришмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда сув спорт турлари бўйича йирик халқаро анжуманлар юқори савияда ташкил этилаётир.
Сузиш Олимпия ва Осиё ўйинлари каби нуфузли тадбирларда энг кўп медаллар ўйналадиган спорт тури экани барчага маълум. Шу боис ҳам айни кунларда Ўзбекистон сув спорти турлари федерациясининг моддий-техник базасини кучайтириш, сузувчиларга янада қулай имкониятлар яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Сув спорти бўйича жаҳон кубоги мусобақаларининг дастлабки кунида аёллар ўртасида 50 ва 400 метрга эркин сузиш, 50 метрга чалқанча сузиш, 200 метрга брасс усулида ва баттерфляй усулида сузиш, 100 метрга индивидуал аралаш сузиш мусобақалари ўтказилди. Эркаклар ўртасида эса 50 ва 400 метрга эркин сузиш, 200 метрга чалқанча сузиш, 100 метрга брасс усулида ва баттерфляй усулида сузиш, 100 метрга индивидуал аралаш сузиш мусобақалари ўтказилди.
Жаҳон кубоги босқичи мусобақалари 10 октябргача давом этади.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов иштирок этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА