Суюқ чиқиндиларнинг “Салар” каналига ташланиши ҳолати ўрганилди
Ижтимоий тармоқларда Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари давомида оқова сув қувурига шикаст етказилгани ҳамда оқова сувнинг Салар каналига сизиб чиқаётгани ҳақида мурожаат тарқалди.
Ҳолат Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилди.
Ўрганиш давомида Тошкент шаҳар Яккасарой тумани, “Шота Руставели” кўчасида “Б.Б.” МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой биносини қуриш давомида шаҳар оқова сув тармоғига тегишли қувурга шикаст етказилгани, натижада қувурнинг маълум қисми ўпирилиб тушгани аниқланди. Тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар эса Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Салар” каналига ҳеч қандай тозалаш ишларини олиб бормасдан, махсус насослар ёрдамида тўғридан-тўғри ташланган.
Суюқ чиқиндилардан Тошкент шаҳар Экология бош бошқармасининг таҳлилий лаборатория бўлими томонидан намуна олинди. Олинган намуналарда нефть маҳсулот қолдиқлари белгиланган меъёрдан 5,02 марта, азот аммоний 43,5 марта, ХПК 4,9 марта, муаллақ моддалар эса 13,6 марта юқори экани маълум бўлди.
Шунингдек, суюқ чиқиндилар тўпланган тупроқ намуналарининг таркибида нефть маҳсулот қолдиқлари 2,6 дан 11,4 мг/кг гача экани аниқланди.
Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, 63 минг 936 метр куб ҳажмдаги суюқ чиқиндилар “Салар” каналига ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда чиқариб ташланган. Ушбу ҳолат содир этилиши натижасида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси, “Сув кодекси”нинг 23, 117, 153-моддалари талаблари қўпол равишда бузилган. Натижада 2 миллиард 160 миллион 13 минг 824 сўм компенсация тўлови ҳисобланган.
Бундан ташқари, МЧЖ томонидан оқова сув тармоғига шикаст етказилганлик ҳолати натижасида тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар ташланиши оқибатида ер релефидаги тупроқ ифлослантирилган. Таҳлил натижаларига кўра, нефть маҳсулот қолдиқлари белгиланган концентрация миқдоридан ўртача 5,2 марта юқорини ташкил этган. Натижада “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси, “Ер кодекси”нинг 40, 79, 85-моддалари талаблари бузилган. Ҳолат юзасидан 60 миллион 27 минг 81 сўм компенсация тўлови ҳисобланди. “Б.Б.” МЧЖ жами 2 миллиард 220 миллион 40 минг 905 сўм компенсация тўлайдиган бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА