Суяк ўрнига 3D протез: бемор оёғи сақлаб қолинди
Испания пойтахти Мадриддаги “Грегорио Мараньон” шифохонаси 38 ёшли беморнинг оёғини сақлаб қолиш имконини берган ноёб тиббий технологияни амалиётга жорий қилди. Болдир суягида саркома аниқланган инсон учун дунёдаги биринчи шахсий метаматериал суяк протези яратилди. Шу тариқа оёқ кесиб ташланишининг олди олинди.
Оддий яхлит протездан фарқ қиладиган, миллиметр ўлчамидаги титан тузилмасидан иборат мазкур янги имплант суякнинг ички тузилиши ва механик хусусиятини тақлид қилади. 3D босма технология усулида тайёрланган қурилма юкламани суяк тўқимасига ўхшаш тарзда тақсимлайди ва тирик суяк имплант билан бирикишига ёрдам беради.
Протез айни бемор анатомиясига мослаб ишланган. Мутахассислар тиббий тасвир асосида соғлом оёқнинг рақамли нусхасини яратиб, юриш, зинадан чиқиш ва қоқилиш пайти болдир суягига тушадиган юкламани ҳисоблаган. Шу асосда имплантнинг ички тузилиши ва мурватлар жойлашуви белгиланган. Жарроҳлик амалиёти ҳам миллиметр аниқликда режалаштирилган. Махсус усул амалиёт вақтини қарийб икки баробар қисқартирган.
Операциядан бир йил ўтиб, Пьер Шазел яна юра бошлади. У қарийб икки йил давомида оёғига оғирлик тушира олмаган эди. Кейин Грегорио Мараньон шифохонаси бундай усулда яна бир операция ўтказди ва билак ҳамда тўш суяги учун яна икки шахсий имплант тайёрлаяпти. Лойиҳадан кўзланган мақсад – технологияни давлат тиббиёт тизимида кенг қўллаш.
Мусулмон Зиё, ЎзА