Сувнинг ҳар қатрасида тириклик мужассам
Муносабат
Сув – табиатнинг энг ноёб неъматларидан бири. У нафақат инсон ҳаёти, балки барча тирик жонлар, ўсимликлар ва ер учун ҳаёт манбаи. Қатра-қатра сувда ҳаётнинг нафаси бор. Тоғ-у тошлардан, дала-даштлардан оқиб борган сув қатраси деҳқон учун умид, ризқ ва барака демакдир. Шундай экан, сувга эҳтиёж юқори бўлган Фарғона водийсида ҳар бир сув иншоотининг аҳамияти беқиёс. Ана шундай муҳим ирригация инфратузилмаларидан бири – Жанубий Фарғона канали саналади.
Фарғона водийсидаги энг йирик ирригация иншоотларидан бири бўлган Жанубий Фарғона канали 85 йилдан буён халқ хўжалиги манфаатига хизмат қилиб келмоқда. У 1940 йилда халқ ҳашари асосида қурилган бўлиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудларидан ўтади. Унинг барпо этилишидан мақсад эса Олай тоғларидан оқиб тушадиган табиий сув манбаларини тартибга солиш ва водийнинг шарқий ҳамда жанубий ҳудудларида сув таъминотини яхшилашга қаратилган.
Википедияда ёзилишича, канал Шаҳрихонсой каналининг йирик шохобчаси ҳисобланади. Дастлаб у Исфайрамсойдан Бешолишгача бўлган масофада қазилган, кейинчалик эса Марғилонсойгача, 1946 йилда эса Олтиариқсойгача узайтирилган. Умумий узунлиги 120 км. бўлиб, бошидаги эни 12 метр, қуйи қисмида 2 метрни ташкил этади. Канал бош қисмида сув сарфи 85 м³/с бўлса, Полвонтош коллектори суви қўшилганидан сўнг 30 м³/с сув оқими таъминланади. Каналда 3 та тезоқар, 35 та сув туширгич ва 52 та қулоқ мавжуд.
Бу канал 75,8 минг гектар ерни суғоради. Шундан 25,2 минг гектар Андижон вилояти, 48 минг гектар Фарғона вилояти ва 2,6 минг гектар Қирғизистоннинг Аравон тумани майдонига тўғри келади.
Ислоҳотлар халқ учун, эртанги фаровон ҳаёт учун
Бугунги кунда сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки соҳани ривожлантириш эмас, балки аҳоли эҳтиёжини таъминлаш ва мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши учун зарур бўлган стратегик йўналишдир. Ҳар бир қатра сув ортида деҳқоннинг меҳнати, халқнинг неъматга бўлган умиди ва бутун бошли қишлоқ хўжалиги тизимининг қисмати турибди.
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, сув манбаларида камайиш, ирригация инфратузилмасининг эскириши ҳамда сувдан самарасиз фойдаланиш каби муаммолар сув хўжалигида туб ўзгаришлар зарурлигини тақозо этди. Агар бугун сувни тежаб-тергамасак, уни бошқаришни илмий ва рақамли асосда ташкил этмасак, эртага нафақат қишлоқ хўжалиги, балки аҳоли таъминотида ҳам жиддий муаммолар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.
Айнан шу сабабли, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар комплекс ёндашувни талаб қилмоқда. Яъни, янги технологияларни жорий этиш, рақамли бошқарув тизимларини шакллантириш, сув тежовчи замонавий услубларга ўтиш ва энг муҳими, инсон омилини, яъни мутахассислар билим ва малакасини доимий ошириб бориш лозим.
Сув бугун нафақат табиий ресурс, балки иқтисодий ўсиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишнинг асосий омили сифатида кўрилаётгани боис, ҳар бир ислоҳотнинг марказида ана шу ҳақиқат туриши керак. Ислоҳотлар халқ учун, эртанги фаровон ҳаёт учун хизмат қилмоғи шарт.
Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил
Мамлакатимизда сўнгги йилларда сув хўжалигини тубдан янгилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу борадаги ишлар сиёсат изчиллик билан олиб борилмоқда. 2023 йил 29 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2024 йил сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил”, деб эълон қилиниб, 1 минг 500 километр каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. Бу эса ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Бу ишлар нафақат марказий ирригация тармоқларини мустаҳкамлаш, балки сув йўқотилишини камайтириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва жойлардаги суғориш тизимини модернизация қилишни қамраб олмоқда. Давлат бюджети, халқаро молия институтлари ва хусусий шериклик асосида катта лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Фарғона водийсидаги энг йирик ирригация иншоотларидан бири бўлган Жанубий Фарғона каналида амалга оширилаётган ишлар бугунги ислоҳотларнинг амалий натижасини кўрсатади. 85 йилдан буён халқ хўжалигига хизмат қилаётган ушбу каналнинг таъмирталаб қисмларини янгилаш, сув ўтказувчанлигини ошириш ва узлуксиз сув етказиб беришни таъминлаш мақсадида босқичма-босқич ишлар олиб бориляпти.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 декабрдаги қарорига асосан Россия Федерациясининг “MPR” молия институти маблағлари ҳисобидан “ЖФК-3 кичик ГЭС қурилиши” лойиҳаси ҳам татбиқ этилмоқда. 6,9 мегаватт қувватга эга бўладиган мазкур иншоот йилига 33 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариши кўзда тутилган бўлиб, бу ҳам энергетик барқарорликка ҳисса қўшади.
Бугун сув хўжалигида амалга оширилаётган барча ўзгаришлар халқ манфаатига хизмат қилмоқда. Муҳими, сувдан оқилона фойдаланиш одатга айланмоқда.
Каналдаги техноген ҳолат: тасодифми ёки тизимли муаммо?
Жанубий Фарғона каналининг Андижон вилояти Булоқбоши тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 2025 йил 8 май куни юз берган техноген ҳолат аҳоли ва мутахассислар ўртасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати хабарига кўра, вегетация мавсумида сув таъминотини узлуксиз таъминлаш мақсадида қурилган айланма каналда лойиҳада кўзда тутилган 60 м³/с ўрнига 70 м³/с сув ўтказилган. Бу эса сув босими ортиши ва оқибатда каналнинг ўнг қирғоғида ер ювилишини келтириб чиқарди.
Бу ҳолат шунчаки техник носозлик сифатида баҳоланмаслиги лозим. Чунки ирригация тизимининг ҳар бир ҳалқаси стратегик аҳамиятга эга объект. Ҳар бир қарор, ҳар бир амалий қадам шошма-шошарликсиз, илмий таҳлил ва ўлчовлар асосида қабул қилиниши шарт. Аммо баъзида масъул мутахассислар бу ҳақиқатни унутади.
Ҳартугул, муаммо жойида тезкорлик билан бартараф этилди. Тезкор ишга туширилган техникалар, жалб этилган мутахассислар саъй-ҳаракатлари билан сув таъминоти узилишларсиз давом эттирилди.
Шу билан бирга, аҳоли уй-жойлари ва томорқаларига етказилган зарар ҳисобга олиниб, уни давлат томонидан қоплаш ишлари йўлга қўйилди. Маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идоралар томонидан фуқаролар манфаатлари ҳимоя қилинаётгани янада қувонарлидир.
Хулосада фикримиз шуки, Жанубий Фарғона канали фақатгина ирригациянинг эмас, балки энергетика, сув хавфсизлиги ва минтақавий ҳамкорликнинг ҳам муҳим стратегик таркибий қисми ҳисобланади. Унинг ҳар қатрасида тириклик мужассам. Шу боис, каналларни лойиҳалаш, бошқариш ва назорат қилишда юксак масъулият, илмий ёндашув ва замонавий технологиялар асосида иш юритиш муҳим вазифадир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА