Сувнинг ҳар бир томчиси — ҳаёт
Инсоният тарихига назар ташласак, барча буюк цивилизациялар сув манбалари атрофида шаклланганини кўрамиз. Сув — бу шунчаки табиий ресурс эмас, балки ҳаётнинг ўзи, табиатнинг юраги ва тараққиётнинг асосий омилидир. Ер юзидаги тирик мавжудотларнинг яшаши, қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, саноатнинг барқарор фаолияти ҳамда инсон саломатлиги бевосита сув билан боғлиқ.
Бугунги кунда иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши ва сув ресурсларига бўлган талабнинг ортиши натижасида дунё миқёсида сув танқислиги тобора долзарб муаммога айланмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, XXI асрнинг энг катта стратегик бойликларидан бири айнан тоза ичимлик суви ҳисобланади. Шу боис ҳар бир томчи сувни асраш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳар бир инсоннинг муҳим бурчига айланмоқда.
Ана шу мақсадда Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан аҳоли ўртасида ичимлик сувидан самарали фойдаланиш, ичимлик ва оқова сув тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш ҳамда сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишлари мунтазам амалга оширилмоқда.
Навбатдаги маърифий тадбир Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ташкил этилди. Унда талаба ёшлар иштирок этиб, сувнинг ҳаётимиздаги беқиёс аҳамияти, унинг муқобили мавжуд эмаслиги ва табиий бойлик сифатида қадри ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлди.

Тадбир давомида мутахассислар сувнинг инсон организми учун аҳамиятига алоҳида тўхталди. Маълумки, инсон танасининг қарийб 70 фоизи сувдан иборат бўлиб, организмдаги барча ҳаётий жараёнлар айнан сув иштирокида кечади. Сув нафақат чанқоқни қондиради, балки инсон саломатлиги, иммунитети ва меҳнат унумдорлигини таъминлайдиган муҳим омил ҳисобланади.
Учрашувда намойиш этилган видеороликлар орқали ёшларга дунёдаги сув танқислиги билан боғлиқ долзарб муаммолар, қурғоқчилик ҳудудларидаги аҳоли ҳаёти, табиий сув манбаларининг қисқариб бориши ва бунинг экологик оқибатлари ҳақида таъсирчан маълумотлар тақдим этилди. Аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида ҳар бир инсоннинг сувни тежашдаги шахсий масъулияти тушунтирилди.
Таҳлилларга кўра, сув ресурсларининг катта қисми ноқонуний уланишлар, эскирган тармоқлар ва исрофгарчилик сабабли йўқотилмоқда. Шу боис бугунги кунда сув таъминоти тизимини такомиллаштириш, аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ва ёшларда экологик масъулият ҳиссини шакллантириш муҳим вазифалардан бирига айланган.

Тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволларга соҳанинг етук мутахассислари томонидан батафсил жавоблар берилди. Ёшлар сувни тежаш бўйича амалий тавсиялар, уй шароитида сув сарфини камайтириш усуллари ва сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг замонавий йўналишлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.
Дарҳақиқат, сувнинг ҳар бир томчиси ортида катта меҳнат, мураккаб инфратузилма ва табиатнинг бебаҳо неъмати мужассам. Уни исроф қилиш нафақат иқтисодий зарар, балки келажак авлодлар ҳақига қилинган бефарқлик ҳамдир.
Бугун сувни асрашни ўрганган ёшлар эртанги куннинг масъулиятли фуқароларига айланади. Шу маънода бундай тарғибот тадбирлари нафақат экологик маданиятни юксалтириш, балки жамиятда табиий ресурсларга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири