Сувдан оқилона фойдаланиш – давр талаби
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим мақсадларидан бири табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодий ўсишни экологик барқарорлик билан уйғунлаштириш ва келажак авлод учун муносиб ҳаёт шароитини яратишдир. Айниқса, иқлим ўзгариши ва сув ресурслари тақчиллиги кучайиб бораётган шароитда сувдан самарали фойдаланиш долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.
Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларида “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш, ресурс ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий рақамли ечимларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён йирик саноат корхоналари олдига ҳам ресурслардан тежамкор фойдаланиш, экологик таъсирни камайтириш ва инновацион ёндашувларни кенгайтириш бўйича янги вазифаларни қўймоқда.
Қизилқум саҳросининг мураккаб табиий шароитида фаолият юритаётган “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодаларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, табиий ресурсларни тежаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Шундай ташаббуслардан бири сув ресурсларини тежаш имконини берувчи автоматик суғориш бошқарув тизимининг яратилишидир. Лойиҳа НКМК Ёш муҳандислар кенгаши мутахассислари ташаббуси билан Тармоқлар ва подстанциялар цехи ҳамда Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси Назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика марказий лабораторияси мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.
Янги тизим цех ҳудудида барпо этилган боғда синовдан ўтказилди. Дастлабки натижаларга кўра, автоматлаштирилган бошқарув тизими сув сарфини 5 баробаргача тежаш имконини бермоқда.

Лойиҳани яратишдан аввал амалдаги суғориш тизимидаги муаммолар чуқур ўрганилди. Хусусан, тупроқнинг ҳақиқий намлик даражасини аниқ назорат қилиш имкониятининг мавжуд эмаслиги сабабли айрим майдонлар меъёридан ортиқ, бошқа жойлар эса етарлича суғорилмаган. Ер майдонининг паст-баландлиги ҳисобга олинмагани туфайли пастликларда сув тўпланиб қолган, баланд жойлар эса қуруқ қолган.
Бундай усулда сув сарфининг назорати ҳам мураккаб бўлган. Шунингдек, суғориш жараёни доимий ишчи кучи иштирокини талаб этган.
Яратилган автоматик тизим эса бу муаммоларга замонавий ечим таклиф этмоқда. Унда электрон қурилмалар, ақлли сенсорлар ва интеллектуал бошқарув технологияларидан фойдаланилган. Сенсорлар орқали тупроқ намлиги назорат қилиниб, суғориш зарур ҳолатга қараб автоматик равишда амалга оширилади.
– Лойиҳа устида иш бошлашдан аввал мавжуд тизимларнинг камчиликлари, айниқса, сувнинг беҳуда сарфланиши ва тупроқнинг меъёридан ортиқ намланиб кетиш ҳолатлари ўрганилди, – дейди Ёш муҳандислар кенгаши аъзоси, Автоматлаштирилган ностандарт воситаларни тайёрлаш лабораторияси бошлиғи Сардор Норбоев. – Шу пайтгача қўлланиб келинган суғориш усули кутилган натижани бермаётган эди. Назоратнинг йўқлиги туфайли тупроқнинг ҳақиқий намлиги аниқланмас, натижада ер ҳаддан ташқари кўп суғорилар ёки сув тегмай қуриб қоларди. Биз яратган автоматик суғориш бошқарув тизими замонавий электроника, ақлли сенсорлар ва интеллектуал бошқарув технологиялари ёрдамида бу камчиликларни бартараф этмоқда, Илгари инсон меҳнати ва оддий назоратга таянган жараёнларни автоматлаштириш орқали нафақат иш самарадорлиги оширилмоқда, балки табиий ресурслар сарфи ҳам кескин камайтирилмоқда.

Албатта, битта қурилманинг самараси бир ҳудуд билан чекланиб қолмайди. Уни бошқа бўлинмаларда ҳам жорий этиш орқали сув тежамкорлиги кўламини янада кенгайтириш мумкин. Шу боис комбинатда ушбу автоматик суғориш қурилмасини барча бўлинмаларда жорий этиш режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири