Сувдан оқилона фойдаланиш барчанинг бурчи
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби устувор мақсадларга қаратилган.
Сўнгги йилларда сув таъминоти тизимини такомиллаштириш, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бироқ соҳада эришилаётган натижалар билан бир қаторда, белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя қилмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан ичимлик суви тармоқларидан фойдаланиш ҳолати бўйича ўтказилган назорат тадбирларида қатор муаммолар аниқланди.
Жумладан, жорий йилнинг январь-август ойларида аҳолининг марказлашган ичимлик суви тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиши бўйича 297 та ҳолат аниқланган. Қоидабузарларга нисбатан жами 1 миллиард 161 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарима қўлланилган.

– Сувдан фойдаланишда сув ҳисоблагичларининг бутлигига риоя қилиш муҳим. Истеъмолчи ўзига ўрнатилган ҳисоблагич ва назорат пломбаларининг сақланиши учун масъул эканини яхши англаши лозим. Бу талаблар, аввало, ҳисоб-китобларнинг адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлашга хизмат қилади, – дейди инспекция бош мутахассиси Тўхтасин Хўжамов. – Назорат тадбирлари давомида Навоий шаҳрининг Бинокор маҳалласида яшовчи фуқаро хонадонида сув ҳисоблагичига қасддан шикаст етказилгани маълум бўлди. Шунингдек, Кармана тумани Аллон маҳалласида яшовчи фуқаро томонидан сув таъминоти корхонасини огоҳлантирмасдан, тегишли ҳужжатларсиз янги ҳисоблагич ўрнатиб олингани аниқланган. Эски ҳисоблагич бўйича биллинг тизимида ўтказилган текширувлар давомида юқори миқдорда қарздорлик мавжудлиги ҳам маълум бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 163-моддаси биринчи қисмига асосан маъмурий жарима расмийлаштирилган.
Сувдан ноқонуний фойдаланишга қарши курашишда фақат жазо чораларига таянишнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, аҳоли ўртасида ҳуқуқий ва экологик маданиятни ошириш, сувнинг ҳақиқий қадрини тушунтириш, ҳар бир истеъмолчининг ўз масъулиятини англашига эришишдир.

Шу маънода соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши назорат ва ҳисобдорлик механизмларини такомиллаштиришдир. Сувдан фойдаланиш ҳажмини аниқ ҳисобга олиш, замонавий ҳисоблагичлардан фойдаланиш, рақамли технологияларни жорий этиш ва биллинг тизимларини такомиллаштириш орқали соҳада шаффофликни таъминлаш мумкин. Бюджет ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар ҳам бу масаланинг долзарблигини кўрсатмоқда. Жумладан, 330 та бюджет ташкилотида ўтказилган текширувларда 27 та камчилик аниқланиб, улар бўйича қарийб 108 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Демак, сувдан оқилона фойдаланиш талаби фақат аҳолига эмас, балки барча ташкилот ва муассасаларга ҳам бирдек тааллуқлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири