Сувдан фойдаланишда янги тартиб: Тадбиркорларга жазо эмас, имтиёзлар
Сув танқислиги кучайган бир даврда Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш тартибига янгича ёндашув жорий этилмоқда. Бу тадбиркорлар масъулиятини ошириб, тежамкорликни рағбатлантиради.
Халқимизда “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган нақл бор. Глобал иқлим ўзгариши ва Орол фожиаси оқибатида сув танқислиги кучайиб бораётган бугунги шароитда уни тежаш, оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Афсуски, шунга қарамай, ҳамон ариқдан оқиб турган сувни беҳуда сарфлаш ҳолатлари учраб турибди. Айнан шу мақсадда, Вазирлар Маҳкамасининг сувдан фойдаланувчиларнинг масъулиятини ошириш, тежамкорлик орқали даромад топишга қаратилган 2026 йил 21 октябрдаги 585-сон қарори қабул қилинди.
–Мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, уни тежаш, ҳисобини юритиш ҳамда сув олишда белгиланган тартибларга риоя этилишини таъминлаш борасида янги механизмлар жорий этилмоқда, – дейди “Сувхўжаликназорат” инспекцияси масъул ходими Нурмуҳаммад Ташбаев. – Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, саноат ва бошқа соҳаларда сув ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган бир шароитда сувдан фойдаланишда қонунийлик ва масъулиятни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Қарорнинг асосий мақсади тадбиркорлик субъектларини асоссиз жазолаш эмас, балки уларнинг сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш, қонунбузилишларнинг олдини олиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашдан иборат.
Масалан, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Ўртасарой ҳудудидаги балиқчилик хўжалиги раҳбари Лутфулла Саидохунов узоқ йиллардан буён соҳада фаолият юритиб келади ва сувнинг қадрини яхши билади. Унинг таъкидлашича, кўлдаги балиқларнинг ўсиб-ривожланиши бевосита сув ресурсларига боғлиқ.
–Балиқчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркор сифатида айтишим мумкинки, сув биз учун энг муҳим ишлаб чиқариш ресурсларидан бири ҳисобланади. Шу боис сувдан белгиланган тартибда фойдаланиш, унинг ҳисобини юритиш ва белгиланган лимитларга амал қилиш ҳар бир хўжаликнинг манфаатига хизмат қилади, – дейди балиқчилик хўжалиги раҳбари Лутфулла Саидохунов. – Вазирлар Маҳкамасининг 585-сон қарори билан тадбиркорлар учун бир қатор муҳим имкониятлар яратилгани эътиборга молик.
–2027 йил 1 январдан бошлаб белгиланган шартларга жавоб берадиган ҳолатларда, йил давомида биринчи марта сув олиш тартиби бузилса, дарҳол молиявий жарима қўлланилмасдан, дастлабки огоҳлантириш берилади, – дейди “Сувхўжаликназорат” инспекцияси масъул ходими Шоҳида Ҳамроева. – Kамчиликларни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади. Қарор ва ҳисоб-китобни олган кундан бошлаб бир ой ичида белгиланган сумманинг 50 фоизи ихтиёрий тўланса, қолган 50 фоизини тўлашдан озод этилади. Шунингдек, молиявий санкция суммасини олти ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилган. Бунинг учун бир ой ичида дастлабки тўлов сифатида умумий сумманинг камида олтидан бир қисмини тўлаш талаб этилади. Энг муҳими, ҳар бир тадбиркор сувдан фойдаланишда белгиланган талабларга амал қилса, сув ҳисобини тўғри юритса ва сув ресурсларини тежашга масъулият билан ёндашса, кўзлаган мақсадига етади. Зеро, сувни асраш — нафақат қонун талаби, балки ҳар биримизнинг келажак олдидаги масъулиятимиз.
Инспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси масъул ходими Улуғбек Каримовнинг сўзларига кўра, назорат тадбирлари давомида, аввало, сувдан фойдаланиш лимитларига риоя этилиши, сув олиш шартномаларининг мавжудлиги, сувни бошқариш ва ҳисобга олиш ускуналарининг ўрнатилгани ҳамда махсус сувдан фойдаланиш рухсатномалари ўрганилади. Агар сув олиш тартиби бузилгани аниқланса, қоидабузарлик натижасида олинган сув миқдори белгиланган тартибда аниқланади. Бунда сув ўлчаш ускуналари, жумладан, замонавий «ақлли» ҳисоблагичлар маълумотлари, «Сув ҳисоби» ахборот тизимидаги маълумотлардан фойдаланилади. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда эса суғориладиган майдон, суғоришлар сони, экинларнинг суғориш режими ва сув олиш давомийлигидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб амалга оширилади.
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж),
ЎзА