Сув хўжалигини рақамлаштириш бўйича халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади
БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форуми (HLPF-2026) доирасида Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Швейцариянинг сув ресурсларини интеллектуал ҳисобга олиш ва рақамли мониторинг йўналишида фаолият юритувчи “GWF AG” компаниясининг савдо бўйича бош директори Крис Болд билан учрашди.
Мулоқотда мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, рақамлаштириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-йўналиши (SDG 6) бўйича амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
Учрашув давомида “GWF AG” компаниясининг интеллектуал сув ҳисоби, юқори аниқликдаги сув ўлчаш қурилмалари, масофавий мониторинг ҳамда рақамли бошқарув тизимлари бўйича илғор ечимлари тақдим этилди. Компания вакиллари сув ресурсларини самарали бошқаришда ишончли маълумотлар ва аниқ ҳисоб-китоб ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этди.
Томонлар сув хўжалигини рақамлаштириш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, гидротехник иншоотларда замонавий мониторинг тизимларини жорий этиш, сув ҳисобини такомиллаштириш, шунингдек, сув омборларини қуриш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Музокараларда Ўзбекистонда замонавий сув ўлчаш технологияларини жорий этишга қаратилган пилот лойиҳаларни амалга ошириш, уларни грант маблағлари асосида қўллаб-қувватлаш ҳамда илғор технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар сув хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, техник мулоқотларни давом эттириш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА