Сув танқислиги шароитида самарали лойиҳа
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида дренаж сувларидан қайта фойдаланиш ва артемия етиштириш бўйича грант маблағи асосида инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.
Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган БМТ Тараққиёт дастурининг “Иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги орқали Оролбўйи минтақасида барқарорликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида 49 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан “Борли ой” фермер хўжалигида AquaReuse тажриба майдони ташкил этилди. Лойиҳа озиқ-овқат хавфсизлигини оширишга қаратилган бўлиб, дренаж сувларини қайта фойдаланишнинг ёпиқ тизимини намойиш этади.
Дренаж каналларидан олинган сув балиқ ва артемия етиштириш учун ишлатилади. Кейин осмос тизими (бу юқори даражада сувни тозалаш усули бўлиб, яримўтказувчан мембранадан фойдаланилади) орқали тозаланиб, мевали боғлар ва полиз экинларини суғоришга сарфланади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири