Сув таъминотида узилиш бўлмайди
Бухоро вилояти Олот туманидаги “Икки даҳа” (“Двойник”) сув иншооти Президентимизнинг “Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш лойиҳасини халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ) иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барпо этилган.
Иншоот Қоракўл ва Олот туманларининг 230 минг нафарга яқин аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш имконини берди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Олот туманидаги “Икки даҳа” (“Двойник”) сув иншоотида бўлиб, совуқ об-ҳаво кунларида иншоотнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Вилоят раҳбари тегишли масъуллар билан ноқулай об-ҳаво шароитида иншоотдаги сув резервуарларининг музлаб қолиши ҳолатларини олдини олиш, аҳолига бир маромда тоза ичимлик сув етказиб бериш масалаларини муҳокама қилди. Юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ ва вазифалар берилди.

Маълумот учун, Қоракўл ва Олот туманларини асосий сув манбаси ҳисобланадиган “Икки даҳа” (“Двойник”) сув тозалаш иншооти 1975 йилда қурилган бўлиб, бир кеча кундузда 12 минг метр куб сувни тозалаш қувватига эга бўлган. Бироқ қурилганидан буён модернизация қилинмаганлиги сабабли маънан эскирган, иншоотдан аҳолига борадиган сув сифати истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Ҳозирги кунда у Ўрта Осиё давлатларида аналоги йўқ иншоот ҳисобланади. Унинг кунлик ичимлик сув етказиб бериш қуввати 50 минг куб метрга оширилган.
Зариф Комилов, ЎзА