Сув таъминоти соҳасида “Навоий вилояти тажрибаси” ўрганилди
“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раисининг ташаббуси билан сув таъминоти соҳасида “Навоий вилояти тажрибаси”ни ўрганишга бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
“Ўзсувтаъминот” АЖ тизимидаги барча акциядорлик жамиятларининг масъул ходимлари иштирок этган семинарда соҳага оид замонавий технологияларни амалиёт орқали чуқур ўрганиш, мавжуд тажрибаларни таҳлил қилиш ҳамда билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар иштирокчилари Навоий шаҳри, Фаровон маҳалласи, Маҳмуд Таробий кўчасидаги 136-уйда бўлиб, 68 та хонадонга синов тариқасида “Пилот” лойиҳаси асосида ўрнатилган замонавий смарт сув ҳисоблагич ускуналарининг ишлаш жараёни билан яқиндан танишди.

– “Навоийсувтаъминот” АЖ томонидан тажриба тариқасида кўп қаватли уйнинг барча хонадонларига ўрнатилган замонавий сув ҳисоблагичларининг ишлаш жараёни билан яқиндан танишдик, – дейди “Қашқадарёсувтаъминот” АЖ бўлим бошлиғи Аҳрор Ашуров. – Ушбу ускуналар маълумотларни масофадан туриб узатади. Энг муҳим жиҳати шундаки, қарздорлик юзага келганда тизим истеъмолчини тармоқдан автоматик равишда узади. Шунингдек, сув ҳисоблагичлари фойдаланилган хизмат ҳажми ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда биллинг дастурига онлайн тарзда юбориб боради. Бу эса ҳисоб-китобларнинг аниқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур технология инсон омилини камайтириш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, истеъмолчилар учун хизматлардан ортиқча оворагарчиликлар ва навбатларсиз фойдаланиш имкониятини яратади.

Семинар давомида масофадан маълумот узатувчи сув ҳисоблагичлари орқали истеъмол ҳажмини аниқ ҳисобга олиш, ичимлик ва оқова сув хизматлари бўйича дебитор қарздорликни қисқартириш ҳамда хизматлар учун ундириш кўрсаткичларини ошириш имкониятлари таҳлил қилинди. Шунингдек, рақамли технологияларни тизимга кенг жорий этиш, ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашдаги муҳим жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.

Иштирокчилар “Навоийсувтаъминот” АЖ тасарруфидаги “Навоий сув ишлаб чиқариш” иншооти фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Семинар давомида иштирокчиларга сувни қабул қилиш, узатиш ва тақсимлаш жараёнлари, тизимда қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳамда соҳада амалга оширилаётган самарали ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Мазкур иншоотнинг асосий сув манбаси Зарафшон дарёси ҳисобланиб, ундан олинаётган сув орқали Навоий шаҳри, Кармана ва Зафаробод ҳудудлари аҳолиси, ижтимоий объектлар ҳамда саноат корхоналари ичимлик, техник ва суғориш сувлари билан таъминланади, – дейди “Навоий сув ишлаб чиқариш” иншооти раҳбари Хуршид Ҳотамов. – Иншоотнинг бош насос станциясида электр энергиясини тежаш мақсадида 2 дона замонавий частота бошқарув қурилмаси ўрнатилган. Натижада электр энергияси сарфи 40 фоизга қисқарди.
Амалий машғулотлар давомида семинар иштирокчилари энергия тежамкор технологиялар, сув таъминоти тизимидаги илғор тажрибалар ҳамда ресурслардан оқилона фойдаланиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ўзаро тажриба алмашди.
Албатта, бу каби амалий семинарлар соҳада рақамли технологияларни кенг жорий этиш, тизим самарадорлигини ошириш ҳамда истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири