Сув таъминоти: Давлат дастурларининг ижроси қандай?
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида “Сув хўжалиги соҳасида давлат дастурларининг ижроси” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган стратегияси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳага оид тегишли давлат дастурлари асосида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш тадбирлари ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берилди.
Таъкидланганидек, сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида 19 та ирригация объектида жами 92,6 километр узунликдаги канални реконструкция қилиш ишлари режалаштирилиб, бугунги кунда 56,7 километр узунликдаги канални қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилди. Шунингдек 56,9 километр коллекторда қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Вазирлик тасарруфидаги насос станциялари ва энергетика бошқармаларидаги эскирган 6 дона насос ҳамда 24 дона электродвигатель алмаштирилди. Насос станцияларида 113 дона “онлайн” режимда мониторинг қилиш қурилмаси, мелиорация кузатув қудуқларига 107 дона “DIVER” усканаси ўрнатилди.
[gallery-8625]
2022 йилда “Дўстлик” каналининг 252 пикетидаги бош сув тақсимлаш иншоотида автоматлаштирилган бошқариш тизими жорий қилинди. Давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида сув хўжалигида 9 та сув хўжалиги объекти давлат-хусусий шериклигига берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотларга 2022 йилда 31 нафар олий маълумотли мутахассис ишга қабул қилинди. Жорий йилда сув хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш, илмий ва инновацион салоҳиятни ривожлантириш, илмий ютуқлар ва ноу-хауларни жорий қилиш ишлари бўйича бугунги кунда 2 та илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида вегетация мавсумида экинларни суғориш учун ҳудудларга сувни етказиш бўйича олиб борилаётган ишлар, олис ҳудудлардаги сув таъминотида юзага келган муаммолар ва уларни бартараф этиш учун ёзги суғориш мавсуми мобайнида Қорақалпоғистонда бўлиб, амалий ёрдам кўрсатган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА