Сурхондарёлик сувчилар қишга қандай ҳозирлик кўрмоқда?
Йилнинг тўрт фаслида ҳам инсон сув билан тирик. Усиз яшаб бўлмайди. Халқимизда “Сув – ҳаёт манбаи, тозалик, соғлик гарови”, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Шу боис аҳолини қиш фаслида ҳам сифатли ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш соҳа фидойиларининг муҳим вазифаларидан бирига айланган.
Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоят аҳолисининг икки миллиондан ортиғи ёки 68,6 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 15,8 фоиз истеъмолчига ичимлик суви махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилмоқда. 16,7 фоизи бошқа манбалар ҳисобига ичимлик суви билан таъминланган.

Йилнинг тўрт фаслида ҳам вилоятдаги истеъмолчиларни ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаб келаётган “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти ишчи-хизматчилари жорий куз-қиш мавсумида аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик суви етказиб беришга пухта тайёргарлик кўриб, сув таъминоти тизимларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш, насос ускуналари ва тармоқларнинг ишончли ишлашини таъминлаш юзасидан зарур ишларни амалга оширмоқда.
Яқинда “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Ўроқали Диёров билан воҳада аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш йўлида бажарилаётган ишлар ва уларнинг одамлар ҳаётини ўзгартиришдаги ўрни ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Гурунгимиз айланиб, истеъмолчиларни бу йилги совуқ кунларда узлуксиз сув билан таъминлаш мавзуида анча давом этди.

– Қишда истеъмолчиларнинг сув таъминотисиз қолиши аҳолига ҳам, ишчи-ходимларга ҳам бироз ташвишли ҳолатни юзага келтиради. Шу боис бу мавсумга тайёргарлик кўриш махсус дастур асосида амалга оширилади, – дейди Ўроқали Диёров. – Шунга кўра, ичимлик суви тармоқларининг 58,5 километр ва 150 дона насос ускунасини жорий ва мукаммал таъмирлаш белгилаб олинган. 51,2 километр ичимлик сув тармоғи ва 93 дона насос ускунасини жорий таъмирлаш, 7,3 километр сув тармоғи ва 57 дона насос ускунасини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Шу пайтгача 61,3 километр ичимлик суви тармоғи ва 150 та насос ускуналар жорий ҳамда мукаммал таъмирланди. Мавсумда тармоқларда узлуксиз ва сифатли сув бўлишини таъминлаб, насос ускуналар ҳамда тармоқларни доимий назорат қилиш, аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш учун зарур чоралар кўрилди.
Вилоятда қишли-қировли кунларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш учун 18 та авария-тиклаш бригадаси, 64 та техника, 18 дона жиҳозлар жамланмаси, 116 нафар ходим, 38 та сурилма клапан, 3,1 километр ичимлик сув қувурлари, 67 килограмм болт, гайка, 9 та сув олиш гидранти, 29 та насос ҳамда 22 та шина захираси ҳам яратилди. Зарурат бўлиб қолганда истеъмолчиларга сифатли оби-ҳаёт етказиб берадиган 38 та сув ташувчи махсус техника шай ҳолатга келтирилди. Бу жараёнда, айниқса, кўп қаватли уйларга узлуксиз ичимлик суви узатиш ва оқова сув тизимларининг барқарор ишлашини таъминлашга алоҳида аҳамият берилди.

Мавриди келганда айтиш керакки, йилнинг даврида корхона маблағлари ҳисобидан 60,6 километр ичимлик сув тармоқлари қурилиб, 82 та энергия тежамкор насос, 5 та сув минораси ўрнатилди. 469 та насос ва ускуналар, 3 та махсус техника қайта таъмирланиб, ишга туширилди. Носоз ҳолатдаги 171 та ёпқич – сурилма клапан таъмирланиб, янгисига алмаштирилди. Сув иншоотларининг санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 152 та сув сақлаш ҳовузи ва 610 та сув минораси тозаланиб, зарарсизлантирилди. 24 та сув минорасида бўяш ишлари амалга оширилди. 23 та насос жорий ва мукаммал таъмирланиб, қўшимча 7 та янги насос ўрнатилди Оқова сув тизимларини соз ҳолатда сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 225,4 километр оқова сув коллектори ва тармоқлари гидродинамик машина ёрдамида ювилди.
Мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга қаратилаётган эътибор жанубдаги воҳада ҳам ўз самараларини бермоқда. Жумладан, ўтаётган йилда вилоятдаги 723 та маҳалладан 87 таси тўлиқ ва 561 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 75 та маҳалла аҳолиси муқобил манбалардан фойдаланмоқда.

Йил якунигача республика бюджетидан ажратиладиган 568,3 миллиард сўм маблағ эвазига барча дастурлар доирасида 11 та ичимлик ва битта оқова сув иншооти, 233 километр ичимлик ва 11,1 километр оқова сув тармоғини қуриш мўлжалланган. Ўтган даврда 9 та ичимлик ва битта оқова сув иншооти, 179,9 километр ичимлик ва 10,5 километр оқова сув тармоғи қурилди. 1 минг 654,2 километр тармоқ, 469 та насос ва ускуналари профилактик кўрикдан ўтказилиб, жорий ва мукаммал таъмирланди.
Ҳомийлик, ҳокимлик ва жамият маблағлари ҳисобидан 201,7 километр ичимлик суви тармоғи барпо этилиб, жамият ҳисобидаги ичимлик суви иншоотларига 82 та энерготежамкор насос ўрнатилди.16 та оқова сувни кўтариш насослари жорий ва мукаммал таъмирланиб, 6 та янги насос қўйилди. Бу ишлар 127 та маҳалладаги 30 минг 810 нафар аҳолини илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминлаб, 72 та маҳалладаги 45 мингдан ортиқ истеъмолчининг ичимлик суви таъминотини яхшилади.

Вилоятда истеъмолчиларни сифатли оби-ҳаёт билан таъминлаб, уларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига қаратилган бундай йирик бунёдкорлик ишлари ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг учун йирик маблағ ва ишчи кучи сарфланмоқда. Масалан, Президентимизнинг 2024 йил 28 мартдаги Ислом Тараққиёт банки иштирокида “Қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш” (2 босқич) лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида вилоятнинг Ангор, Бойсун, Музработ, Шеробод ва Термиз туманлардаги 34 та маҳаллада 188 миллиард сўм маблағ эвазига 33 та иншоот, 999 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғини қуриш, 18,9 минг хонадонга сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Шу кунгача 25 та иншоот, 964,9 километр сув тармоғи барпо этилиб, 17,9 минг хонадонга сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатиб берилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 2,3 миллион доллар маблағи ҳисобидан вилоятдаги магистраль сув қувурлари ҳамда иншоотларга 221 дона замонавий масофадан маълумот узатувчи сув ҳисоблагич ускунаси ўрнатилди.

Воҳада амалга оширилаётган қиймати 287 миллион долларлик “Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси Термиз шаҳри ва 11 та тумандаги 302 та маҳаллада яшайдиган бир миллион 300 мингдан ортиқ истеъмолчининг сифатли ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплайди. Ҳозиргача Термиз шаҳри, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Олтинсой, Бандихон, Шеробод, Жарқўрғон ва Ангор туманларидаги 190 та маҳалланинг 725 минг нафар истеъмолчиси “Тўпаланг” сув омборининг қайта ишланган зилол сувидан баҳраманд бўлаётир. Режада белгиланган маҳаллаларда қурилиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Сайёрамизда сифатли, танга шифо бўладиган сув тақчиллашиб бораётган бир пайтда ҳаётнинг ўзи қишу ёзда халқимизни зилол оби-ҳаёт билан узлуксиз таъминлаётган сувчилар меҳнатини қадрлашни, хонадонимизгача етиб келаётган беминнат сифатли сувни исроф қилмай, тежаб ишлатиш маданиятимизни янада оширишни тақозо этмоқда. Зеро, кексаларимизнинг “Сувни исроф қилганинг – умрингни қисқартирганинг”, деган ҳикматли сўзида чуқур маъно бор. Вилоятда қишнинг совуқ кунларида аҳолини ичимлик суви билан барқарор таъминлашга қаратилган ҳозирлик қизғин давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири