Сурхондарёда жиноят судлари олти ойда бешта оқлов ҳукми чиқарган
Сурхондарё вилояти судида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари, одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда судларнинг ўтган даврда кўрган жиноят, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлари, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари хусусида атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилдики, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, туманлараро ва туман судлари йилнинг ўтган олти ойида 11 минг 732 та фуқаролик иши ва 5 минг 520 та материални кўриб, ҳал этган. Шунингдек, 46 минг 68 та суд буйруғи берилган. Ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 602 тага кўпайган.

– Тугатилган 17 минг 252 та аризанинг 13 минг 529 таси ёки 78,4 фоизи қаноатлантирилди, –дейди вилоят суди раиси ўринбосари фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Наврўз Раҳмонов. – 2 минг 104 таси ёки 12,2 фоизи рад этилди. 75 таси бўйича фуқаролик иши юритувдан тугатилиб, 1 минг 544 та иш бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилди.
Сурхондарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда туман ва шаҳар судлари томонидан ўтган даврда 2 минг 175 та жиноят иши кўриб чиқилиб, улар бўйича 2 минг 788 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 453 та ёки 19,4 фоизга кўпдир.

– Кўрилган жиноят ишлари чоғида 2 минг 788 шахсдан 2 минг 99 нафарига айблов ҳукми, 5 нафарига оқлов ҳукми чиқарилган, – дейди вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Комилжон Назаров. – 629 нафар шахсга оид жиноят иши тугатилган. Айблов ҳукми чиқарилган ишлардан 185 нафарига жарима, 1 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 460 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 799 нафарига озодликни чеклаш ва 654 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Матбуот анжуманида жиноят ишлари бўйича ўтказилган сайёр суд мажлислари ва вилоят иқтисодий судларида кўриб чиқилган иқтисодий ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Суд соҳасини рақамлаштириш, суд тизимининг моддий таъминотини яхшилаш, судьялар корпусини малакали кадрлар билан таъминлаш, “Рақамли суд” концепцияси асосида “Ақлли суд” заллари ташкил этиш, судлар фаолиятига энг илғор сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, судларга замонавий бинолар қуриш, шунингдек, одил судлов соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий, ихчам ва оптимал тизимини йўлга қўйиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.
Аҳолининг судга мурожаат қилишига оид масалалар тўлиқ рақамлаштирилгани, ариза йўллаш, ишда иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Олий суднинг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилаётгани судлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаб, аҳолининг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишда ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Суд органларида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаб, бартараф этиш, олдини олиш, шунингдек, судларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш юзасидан 2026 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижроси бўйича тизимда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири