Сурхондарёда ёш истеъдодлар кашф этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида ёшларнинг ижодий салоҳияти, санъатга меҳри ва орзу-интилишлари яна бир бор катта саҳнада намоён бўлди. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган “Yoshlar ovozi” Bo‘zatov FEST танловининг вилоят босқичи истеъдод ва маҳорат майдонига айланди.
Танловнинг саралаш босқичларида 27 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этди. Улар орасидан сараланган 122 нафар иқтидорли иштирокчи вилоят босқичида ўз овоз имкониятлари, ижодий ёндашуви ва саҳна маданиятини намоён қилди.
Термиз шаҳридаги “Бахшилар мактаби”да бўлиб ўтган танловда эстрада, анъанавий ижро, опера ва бахшичилик йўналишлари бўйича чиқишлар намойиш этилди. Иштирокчилар 10–15, 16–22 ва 23–30 ёш тоифаларида беллашди.
Баҳолаш жараёнида республикадан таклиф этилган малакали ҳакамлар ҳайъати ҳар бир чиқишга холисона баҳо берди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида ғолиблар муносиб тақдирланди. Энг муҳими, биринчи ўринни эгаллаган 12 нафар иштирокчи республика босқичида Сурхондарё вилояти шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғолиблар қуйидаги йўналишлар бўйича аниқланди:
“Эстрада” йўналишида Наргиза Холлиева (Термиз шаҳри), Шоҳруҳ Файзуллаев (Қизириқ тумани) ва Мафтуна Рустамова (Ангор тумани) ғолиб деб топилди. “Анъанавий ижро” йўналишида Сухроб Эркинов (Термиз тумани), Фарзона Тиловмуродова (Денов тумани) ҳамда Нодир Ваҳобов (Бойсун тумани) юқори натижа қайд этди. “Опера” йўналишида Йигитали Маҳмудов (Термиз шаҳри), Жамшид Рашидов (Ангор тумани) ва Асомиддин Алимов (Қизириқ тумани) ғолиблар сафидан жой олди.“Бахш ичилик” йўналишида эса Яҳёбек Ҳайитов (Олтинсой тумани), Одилжон Турсунов (Шеробод тумани) ҳамда Аслиддин Раупов (Қумқўрғон тумани) биринчи ўрин соҳиблари сифатида эътироф этилди.
[gallery-29594]
“Yoshlar ovozi” Bo‘zatov FEST бугун ёшлар учун нафақат танлов, балки орзу ва имкониятлар сари очилган муҳим ижодий майдонга айланмоқда. Танловда иштирок этган истеъдодли ёшлар келгусида миллий санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА